Самарқандда энг яхши туризм қишлоқлари аниқланади — тафсилотлар

Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош Ассамблеясининг юбилей 25-сессияси доирасида “Энг яхши туризм қишлоқлари” номинацияси бўйича тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 окт — Sputnik. Самарқандда энг яхши туризм қишлоқлари аниқланади. Бу ҳақда Туризм қўмитаси хабар берди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош Ассамблеясининг юбилей 25-сессияси доирасида “Энг яхши туризм қишлоқлари” номинацияси бўйича тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.
“Энг яхши туризм қишлоқлари” номинацияси UNWTO томонидан 2021 йилда нафақат ривожланган ҳудудларга, балки ўз қадриятларини сақлаган ва анъаналарини тарғиб қилаётган қишлоқларга сайёҳлар эътиборини жалб қилиш мақсадида таъсис этилган, – дейди Туризм қўмитаси бўлим бошлиғи Мансур Меликов.
Унинг сўзларига кўра, бу галги номзодлар рўйхатида Ўзбекистоннинг 5 та манзили — Самарқанд вилоятидаги "Конигил", Навоий вилоятидаги "Сентоб", Сурхондарё вилоятидаги "Сангардак", Жиззах вилоятидаги "Ухум" ва Фарғона вилоятидаги "Аввал" туризм қишлоқлари ҳам бор".
“Энг яхши туризм қишлоқлари" тақдирлаш маросими бу йил учинчи бор ўтказилади.
Маълумот учун, UNWTO томонидан ҳар йили иқтисодий, ижтимоий ва экологик жиҳатдан барқарор ривожланаётган, шунингдек, маҳаллий қадриятлар ва анъаналарни сақлаб қолиб, тарғиб қилиб келаётган энг яхши қишлоқ туризм қишлоғини аниқлайди.