ТОШКЕНТ, 13 окт — Sputnik. Исахон Абдуллаев "Вақф" хайрия жамоат фонди бошқарув кенгаши раиси этиб тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси (ЎМИ) матбуот хизмати хабар берди.
ЎМИ раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназаров раислигида “Вақф” хайрия жамоат фонди васийлик кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ташкилий масала кўрилди.
“Вақф” хайрия жамоат фонди раиси вазифасида меҳнат қилаётган Зиёвуддин Мирсодиқов ўз аризасига биноан эгаллаб турган вазифасидан озод этилди ва унинг ўрнига Исахон Абдуллаев тайинланди.
Маълумот ўрнида, Исахон Абдуллаев Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтини тамомлаган. У 25 йиллик иш малакага эга бўлиб, диний-маърифий соҳани ривожлантириш, хайрия жамғармаларини бошқариш ва ёрдамчи хўжаликлар фаолиятини тартибга солиш борасида катта натижаларга эришган.
Жумладан, у меҳнат фаолияти давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими, Махсус жамғарма раиси ҳамда Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармаси ижрочи директори каби муҳим лавозимларда самарали фаолият юритган.
Тайинловга қадар у “Вақф” хайрия жамоат фонди раиси ўринбосари вазифасида ишлаётган эди.