ТОШКЕНТ, 13 окт — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бишкек шаҳрида ўтаётган МДҲ саммити доирасида Беларусь республикаси президенти Александр Лукашенко билан учрашув ўтказди.
Икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Етакчилар Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги кўп қиррали алоқалар жадал ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этишди.
Давлат раҳбарлари савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича ўзаро мувофиқлашган чораларни кўриш, жумладан, Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши, Ҳудудлар форуми ҳамда Ўзбекистон ва Беларусь етакчи олий таълим муассасалари ректорларининг учрашувини ташкил этиш муҳимлигини қайд этишди.
МДҲ ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди. Бўлажак тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилди.