ТОШКЕНТ, 12 окт — Sputnik. “Болаларни зўравонликларнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисидаги” қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Ҳужжатни Адлия вазирлиги ишлаб чиққан.
Қонуннинг мақсади болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Жисмоний зўравонлик, жинсий зўравонлик, руҳий зўравонлик, ғамхўрлик кўрсатмаслик, эксплуатация ҳамда буллинг болаларга нисбатан зўравонлик шакллари ҳисобланади.
Болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларини содир этиш тақиқланади ҳамда қонунга биноан таъқиб қилинади.
Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишнинг умумий чора-тадбирлари қуйидагилардан иборат бўлади:
ҳимоя ордерини бериш;
зўравонликдан жабрланувчи, шунингдек ўзларига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган болаларга ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам кўрсатиш;
зўравонликдан жабрланувчи, шунингдек, ўзларига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган болалар оилаларини мустаҳкамлаш ва қўллаб қувватлаш;
болани ота-онадан (уларнинг ўрнини босувчи шахслардан) ёки уларнинг биридан, ўз қарамоғига олган бошқа шахслардан олиш;
зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастурларидан ўтиш;
жинсий зўравонлик содир этган шахсларнинг ҳуқуқларини чеклаш.
Ҳимоя ордери ваколатли орган томонидан зўравонликдан жабрланувчининг қонуний вакилига ёки болани ўз қарамоғига олган бошқа шахсга ҳамда зўравонликдан жабрланувчининг ўзига берилади.
Ҳимоя ордери ўттиз кун муддатгача берилади.
Ҳимоя ордерини топширган ички ишлар органининг мансабдор шахси зўравонлик содир этган шахсни ҳимоя ордерининг шартлари ҳамда уни бажармаслик оқибатлари ва зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастурларидан ўтиш зарурлиги тўғрисида хабардор қилади.
Қонун лойиҳаси муҳокамаси 27 октябрга қадар давом этади.