ТОШКЕНТ, 11 окт — Sputnik. Ўзбекистонда жорий йил якунига қадар 56 та ва 2024 йил давомида яна қўшимча 104 дона замонавий метро вагони харид қилинади. Бу ҳақда АОКАда Транспорт вазирлиги, "Тошкент метрополитени" ДУК раҳбарияти иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Таъкидланишича, жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб Тошкент метрополитенидан фойдаланувчи йўловчилар сони ўтган йилга нисбатан мутаносиб равишда кунига 200 мингдан ортиши кузатилди.
Бир кунда ўрта ҳисобда метрополитеннинг йўналишларидан фойдаланувчи йўловчилар сони 690-700 мингни ташкил этмоқда.
Метрополитеннинг тиғиз вақтларидаги иш фаолияти давомида, йўловчилар сони меъёрдан ортиқ бўлган метро ҳаракат таркибларида 2 дақиқадан 12 дақиқагача тўхтаб қолиш ҳолатлари 4 марта кузатилган.
Қайд этилишича, йил охирига қадар Чилонзор, Ўзбекистон, Юнусобод ва ер усти халқа йўли йўналишида янги вагонлар қўшилади ҳамда бунинг ҳисобига оралиқ интервал янада камайтирилади.