ТОШКЕНТ, 11 окт — Sputnik. Ўзбекистонда янги республика штаби ташкил қилинади. Штаб тупроқ таҳлили, иқлим шароити асосида қаерга, қачон, қайси кўчат турини қанча экишни белгилаб беради. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йиғилишда маълум қилинди.
Йиғилишда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг амалга оширилиши кўриб чиқилди.
Қайд этилишича, бу лойиҳа бошланганидан ўтган 2 йилда уй-жой массивларида 1 минг 200 гектардан ортиқ яшил боғ ва жамоат парклари, 1 миллион гектардан зиёд яшил ҳудуд ва қопламалар барпо этилди.
Жорий йилда 25 октябрдан 1 декабргача “кузги дарахт экиш мавсуми” эълон қилинади, унинг доирасида 85 миллион туп кўчат экиш режалаштирилган.
Бунда барча даражадаги раҳбарлар, вазирлар, ҳокимлар, маҳалла фаоллари, жамоат арбоблари, нуронийлар, санъаткор ва спортчилар, машҳур блогерлар ўрнак кўрсатишлари муҳимлиги таъкидланди.
“Бунинг учун Республика штаби ташкил қилинади. Фанлар академияси, Тупроқшунослик, Ўрмончилик институтлари, ўрмон хўжаликлари раҳбарлари ҳам штабга аъзо бўлади. Штаб тупроқ таҳлили, иқлим шароити асосида қаерга, қачон, қайси кўчат турини қанча экишни белгилаб беради”, - дейилган президент матбуот хизмати хабарида.
Мутасаддиларга барча туман ва маҳаллаларда бир ой давомида кўчат ярмаркаларини ташкил қилиш ва куз мавсумида 30 миллион туп кўчат етказиб бериш топширилди.
Тайёргарлик ишлари, кўчат тарқатиш, экиш жараёнларини туманма-туман телевидение ва радио орқали ёритиб бориш муҳимлиги қайд этилди.
Мирзиёев кузги мавсумида ўтган йиллардаги хатоларни такрорламаслик шарт эканига эътибор қаратди.
Жумладан, кўчат экишда манфаатдорликни ошириш лозим. Бу борадаги вазиятни ўзгартириш учун эндиликда автомобиль, темир йўл, дарё, каналлар ёқалари аҳоли ва тадбиркорларга шартнома билан ер тоифаси ўзгартирмасдан бўлиб берилиши белгиланди.
Йиғилишда аҳолининг дарахт экишга бўлган қизиқишини ошириш ва рағбатлантириш ишларини янада кучайтириш зарурлиги қайд этилди
Бандлик вазирлигининг Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари бундан буён маҳаллаларни ўзига йўналтирилиши, улар эса бу маблағларни дарахт экиш, парваришлаш ва тозалик тадбирларига йўналтириши таъкидланди.
Ўрмон хўжалиги агентлигига жорий мавсумда ҳар бир маҳаллага 200 тадан кўчатни бепул етказиб бериш топширилди. Бундан ташқари ҳар бир вилоят ҳокими ҳам 300 минг дона кўчатни маҳаллаларга текинга тарқатади.
Ҳар бир маҳалла ва туманда қайси дарахт яхши кўкаришини одамларнинг ўзи яхши билиши, шу боис кўчат турини аҳоли билан бамаслаҳат танлаш кераклиги айтилди.