Аҳмад Яссавий ҳаёти
Аҳмад Яссавий 1103 йилда Сарём (Сайрам) қишлоғида Шайх Иброҳим хонадонида дунёга келади. Кейинчалик у ўз она юртини асарларида “Ул муборак Туркистон” деб тилга олади. Яссавий туғилганидан сўнг, кўп ўтмай онаси – Мусо Шайхнинг қизи Ойша хотун оламдан ўтади. Етти ёшида эса отаси вафот этади. Кичик Аҳмаднинг тарбияси опаси Гавҳар Шаҳноз зиммасига тушади.
Опаси билан Ясси шаҳрига кўчиб ўтишгач, Аҳмад дастлабки таълимотни Яссида машҳур олим Шаҳобиддин Исфижобийдан олади. Сўнгра у ердаги бир қатор толиби илмлар каби Арслон бобо қўлида тарбия ва таҳсил олади. Айнан шу шаҳарда Яссавий ботин илми сирларини мукаммал ўзлаштиради. Ўша замонларда Мовароуннаҳрнинг илм-маърифат марказларидан бўлган Бухорода кўплаб туркистонлик толиблар йиғилишган. Устози Арслон бобо кўрсатмаси билан Яссавий ҳам Бухорога йўл олади.
Бухорода араб, форс тилларини ўрганиш билан бир қаторда, форсийда яратилган тасаввуфий адабиёт билан танишади. Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний, Абдуллоҳ Бақрий, Хожа Ҳасан Андоқийлар билан ҳамсуҳбат ва ҳаммаслаҳат бўлиб, даврнинг энг пешқадам олими ва сўфийси Шайх Ҳамадоний муридлари қаторидан жой олади. Шайх Ҳамадонийдан сулук одобларини ўрганади, илм-у сабоқларидан баҳраманд бўлади. Аҳмаднинг ўзи “Устоз Юсуф Ҳамадоний ҳузурига 23 ёшида борганини ва ул Ҳазратнинг тарбиясига ноил бўлғонлигини” айтади. У ўз устозининг энг ишонган ва эътиборли халифаларидан эди. Шарқшунос олим Ориф Усмоннинг маълумотларига кўра, Абдулҳолиқ Ғиждувоний кунлардан бир куни Юсуф Ҳамадонийдан шогирдларининг тақдири хақида сўзлаб беришни илтимос қилган. Шунда устоз “Менинг асл ҳалифаларим аввал Ҳўжа Абдулло Бакрий, сўнгра Ҳўжа Хасан Андоқий, ундан сўнг Хожа Аҳмад Яссавийдир. Хожа Аҳмад Яссавий ўз навбати билан ҳалифалик қилганидан кейин бир оз вақт ўтгач, ўз ватани Туркистонга кетади. Сўнгра унинг ўрнига сен ҳалифалик қиласан” – деган экан. Воқеалар устоз Юсуф Ҳамадоний айтганидек содир бўлиб, кейинчалик Бухородан ўз юрти Яссига қайтган Аҳмад мадраса ва ҳонақо қурдириб, ўз атрофига кўплаб шогирдларни тўплайди.
Аҳмад Яссавий тарбиялаб етиштирган шогирдлар Мансур бобо (Арслон бобонинг ўғли), Абул Малик Ото Тош Ҳўжа (Занги бобонинг отаси), Ҳаким Ото (Сулаймон Боқиргоний), Занги Ото ва бошқа кўплаб толиби илмлардир. У ўзи асос солган “Яссавия” тариқатини ўз шогирдлари орқали Туркистон ва Шош атрофидаги вилоятларга тарқата бошлаган. У сўфийлик ғоялари, шунингдек, ўз тариқати асосларини тарғиб этишда шеърларидан, ҳикматларидан фойдаланади.
Аҳмад Яссавийнинг вафоти турли ёзма манбаларда ҳижрий 562 (милодий 1166-67) йил деб аниқ кўрсатилади. Ориф Усмон: “Ривоятларга кўра, Яссавий 63 ёшга (пайғамбар ёшига) етгач, ер остида ҳужра ясатиб, “чилла”га кирган, қолган умрини тоат-ибодат қилиб, қимматли ҳикматлар ёзиб, риёзат чекиб, ер остида ўтказган”, деб таъкидлайди. Бу ривоятга кўра 125 йил, яна бошқа бир ривоятга қараганда 133 йил умр кўриб, ҳижрий 562 йилда вафот этган. Умуман олганда, Яссавийнинг таржимаи ҳолига доир маълумотлар жуда кам ва у ҳар томонлама чуқур ўрганилмаган.
Яссавий ҳикматлари
Улуғ мутафаккирнинг жуда чуқур ва бой мазмунга эга бўлган “Девони ҳикмат” асаридаги сўфийлик, Яссавийнинг фалсафий дунёқараши ўзининг бутун борлиғи билан ўқувчининг диққатини ром этади. Унинг ўзи “Девони ҳикмат” номи билан бирор бир китоб ёзмаган. Ушбу нодир асар унинг мурид ва издошлари томонидан йиғилиб, тартиб берилган.
“Девони ҳикмат”да илоҳий ишқ ва ошиқлик, маърифат ва орифлик саодати, фанодан бақога етишиш тушунчалари самимий ва таъсирли оҳангларда етказиб берилган. Унинг фикрича, “Ҳақнинг сўзини эмас, ўзини билиш” асосий вазифадир. Шунинг учун донишманд бу дунё роҳатини қидирадиган сўфий – сўфий эмас, тоат-ибодат қилиб, ҳалоллик ва покликни тарғиб этиб, дунёнинг ғам-ғуссасини чекиб, халқ ташвиши билан яшаган инсонгина ҳақиқий сўфийдир, дейди.
Асарнинг бошидан якунига қадар улуғвор инсоний фазилатлар: камтаринлик, меҳр-муҳаббат, ишқ, садоқат, ҳақиқат, адолат, ҳурфикрлик, инсонни инсондан айирмаслик каби масалалар фалсафий нуқтаи назардан олқишланади. Ва аксинча, жохиллик, нодонлик, ёмонлик, саводсизлик, ҳақсизлик, адолатсизлик, молпарастлик каби иллатлар қораланади. Бундай хислатга эга бўлган инсонлар инсоф диёнатга чақирилади.
Унинг фикрича, инсонлар бир-бирларига яхшилик қилишлари, ҳасадгўй бўлмаслиги, шу билан бир қаторда ўз мол-давлатига ишониб яшамаслик кераклиги, бу дунё ҳаммадан қолиши айтилади:
Бешак билинг бу дунё барча элдан ўтаро,
Инонмағил молингга, бир кун қўлдан кетаро.
Ота-она, қариндош қаён кетди фикр қил
Тўрт оёқлик чўбим от бир кун сенга етаро.
Дунё учун ғам ема, Ҳақдин ўзгани дема,
Ўзгалар молин ема, Сирот узра тутаро.
Аҳли аёл, қариндош, хеч ким бўлмайди йўлдош,
Мардона бўл ғариб бош, умринг елдек ўтаро.
Қул Ҳўжа Аҳмад тоат қил, умринг билмам неча йил,
Аслинг билсанг қаро гил, яна гилга кетаро.
Унинг нуқтаи назарида ҳикмат – “илми ладуний”, яъни илми ғайбу ҳалойиқ ва илоҳий сирларни кашф айлаш мазмунига ҳам эга.
Мавзолей Ходжи Ахмеда Ясави в Туркестане.
Яссавий ҳикматларининг асосий мавзуси
Яссавий ҳикматларидаги асосий ўринни панд-насиҳат эгаллайди. Ҳикматларнинг барчасида сўфийлик тариқатининг асослари - ҳақиқатни билиш, Ҳақни севиш, нафсу дунёдан чекинишга даъват этувчи ғоялар ўз аксини топган. Инсон руҳи ва онгини ҳар қандай иллат, қабоҳатдан озод этиш керак, ана шундагина инсон ахлоқида кўзга ташланувчи айрим нуқсонлар юзага келмайди, деган фикрлар комил инсонни шакллантиришнинг асосий йўлларидан бири сифатида таъкидланади. Зеро, тасаввуф-нафс лаззатларидан воз кечиш демакдир. Нафс-очкўзлик, ўғрилик, жаҳолат, худбинликни келтириб чиқаради. Шунинг учун Аҳмад Яссавийнинг ҳаётий шиори қаноат саналади. Инсон Ҳақни "кўриш"га етишиш учун озига қаноат қилиши, шукроналик билдириши, ҳалол луқма ейиши лозим. Нафсга мутеъ бўлганлар эса худбинликдан қайтмайди, нафс балосига учрайди. Хусусан:
Нафсдан кечиб, қаноатни пеша қилғон,
Ҳар ким топса, рози бўлиб, бўйи сунғон
Яхшиларга хизмат қилиб дуо олғон,
Андоқ ошиқ маҳшар куни армони йўқ.
Жондин кечмай ҳу-ҳу деган бари ёлғон,
Бу гумроҳдин сўрманг савол, йўлда қолган,
Ҳақни топган ўзи пинҳон, сўзи пинҳон
Ул сабабдан олтмиш учда кирдим ерга.
Банда бўлсанг меҳнат тортғил ғофил одам,
Оқил эрсанг ғаниматдур сенга шул дам
Омонатдир азиз жонинг юрма беғам,
Эшитиб ўқиб ерга кирди қул Хожа Аҳмад.
Алишер Навоий Яссавий тўғрисида “Мақомоти олий ва машҳур, каромоти матавоний ва номаҳсур эрмиш. Мурид ва ашоб ғоятсиз ва шоҳу гадонинг иродат ва ихлоси остонида ермиш”, - дейди. Бу фикр Яссавийнинг Туркистонга қайтиб, янги тариқатга асос солган муршид сифатида танилган даврларига тегишли. Мовароуннаҳрда "Яссавия" тариқатидан кейин икки йирик тариқат пайдо бўлган. Биринчиси — "Нақшбандия", иккинчиси — "Бектошия". Тасаввуфдаги бошқа тариқатларда бўлгани каби “Яссавия” тариқатида ҳам ўз қоидалари (одоблари) мавжуд.
Юқорида баён этилган фикрлардан тушунамизки, Хожа Аҳмад Яссавий нафақат Хуросон ва Мовароуннаҳр, балки туркийзабон халқларнинг маънавий тарихида кенг маълум бўлган мутасаввуф донишманд, руҳий ва жисмоний комиллик сари етаклайдиган инсонпарвар шоир бўлган.