Фурқат — биография

Ўзбек адабиётининг ривожига катта ҳисса қўшган, демократик адабиётнинг йирик сиймоси Зокиржон Фурқат ХIХ аср охири ва ХХ аср бошидаги маданият ва адабиётимиз ривожини юксак босқичга кўтарди.
Sputnik
XIX аср охири ва ХХ аср бошларидаги ижтимоий сиёсий воқеалар адабиёт оламида ҳам акс этди. Муқимий, Фурқат каби прогрессив шоирларнинг асарларида Ватанга, халққа муҳаббат, дўстлик ва садоқат ҳислари куйланди, ҳаёт лавҳалари реалистик тасвирларда мужассамланди, чуқур умумлашлар беришга интилинди.

Таржимаи ҳоли

Зокиржон Холмухаммад ўғли Фурқат 1858 йилда Қўқон шаҳрида майда савдогар-ҳунарманд оиласида дунёга келди. Оиланинг моддий аҳволи 17 ёшли Зокиржонни мадрасадаги ўқишни тўхтатиб ишлашга мажбур этди. У ишлаб ўз билимини ошириши билан бирга, ўзи ҳам дарс беради ва ижоди билан шуғулланади.
Фурқат 1889 йилнинг май ойида Тошкентга келиб, Кўкалдош мадрасасидаги бир ҳужрада 1891 йилнинг май ойигача яшайди. Тошкентда Фурқатнинг ижодий фаолиятидаги энг ёрқин, энг маҳсулдор давр бошланади. Фурқат рус маданияти билан яқиндан танишиб ҳаётни жамиятдаги ҳодисаларни чуқурроқ тушуна борди. Унинг ижодида ғоявий бадиий жиҳатдан юксалиш пайдо бўлади. Шоирнинг 1889-1891 йилларда Тошкентда яшаб ижтимоий ҳаётга бераётган янгиликларни кузатиб бориши унинг ғоявий-ижодий тараққиётида муҳим роль ўйнайди.
Фурқат 1891 йилнинг 14 майида Тошкентдан Самарқандга борди. Саёҳат қилиш ва кўп мамлакатларни ўз кўзи билан кўриш мақсадида чет элларга жўнади.
Фурқат 1892 йилнинг баҳорида Арабистонга ўтиб, Макка, Жидда шаҳарларида турди.
Шоир 1892 йилнинг кузида Бомбай шаҳрига борди. У Бомбайдан Ҳиндистоннинг бошқа шахар қишлоқларига саёҳат қилди яна Бомбайга қайтиб ундан 1983 йилнинг март ойида Кашмирга, сўнгра Қашқарга ўтиб аввал Хўтан шаҳрида яшади, кейин Ёркент шаҳрига келиб турғун бўлиб қолди. Халқпарвар шоир Фурқат 1909 йилда Ёркентда вафот этди.

Ижоди

Фурқат Ватан муҳаббатини ва халқ қудратини мадҳ этувчи шеърлар ёзди. У чет элларда кезса ҳам халқни, Ватанни унутмади, ўз ижоди билан халққа хизмат қилишни давом эттирди. Ўз Ватанини эҳтирос билан севган буюк шоир ўзининг туғилиб ўсган ерини соғинади, ички кечинмалар, ғам-изтироблар ичида яшайди.
Ватаннинг иштиёқин тортарам ғурбат ғами бирла,
Турубдурман қутулмай ғуссаи ранжу инолардан...
каби парчаларда чет элларда ғариб бўлиб юрган шоирнинг ватанга бўлган сўнмас, ёрқин муҳаббати ифодаланади.
Фурқатнинг лирик шеърларида ўз замонидан қониқмаслик меҳнаткаш халқни эркин, ёруғ ҳаётга чорлаш баралла янграйди. Ёрга бўлган мухаббат лирикаси эса ҳаётбахш оптимистик тарона бўлиб, реал ҳаётнинг ҳаяжонли, гўзал инъикосидир:
Бир қамар сиймони кўрдим балдаи Кашмирда,
Кўзлари масҳуру юз жоду эрур тасҳирда.
Зарра-зарра зар сочар бошиға ҳар кун офтоб,
Субҳ келгач, кеча ётиб чашмаи иксирда.
Бир кўриб чоҳи зақан Ҳорут ила Морут иков,
Чоҳи Бобил ичра қолмишлар бўлак тадбирда.
Шоир "Илм хосияти" ғазалида фан, техника, зиёли инсоннинг ақл-идрокини улуғлайди ва илмли инсонларнинг ижобий образларини ёритиб беради. Унинг "Акт мажлиси хусусида", "Тошкент шаҳрида бўлғон нағма базми хусусида", "Гимназия", шунингдек, уч қисмдан иборат "Виставка хусусида" каби асарлари давр адабиётидаги маърифатпарварлик йўналишининг етук намуналари ҳисобланади. Шунингдек, Фурқатнинг "Ҳаммоми хаёл" рисоласи, "Нуҳ манзар" номли шеърий китоби, "Шоир аҳволи ва шеър муболағаси хусусида" "Саёҳатнома" "Масарратнома", "Қасида", "Ҳўқандлик шоир Зокиржон Фурқатнинг аҳволоти. Ўзи ёзғони" номли каттагина насрий асарлари маълум.
Фурқат шеърларидаги фикрлар реакцион феодал клерикал адабиётга, диний, афсонавий уйдирмаларга қарама-қарши туради. Табиат манзарасини муҳаббат, ҳаётийлик билан боғланган ҳолда тасвирлаш Фурқат лирикасининг энг яхши хусусиятларидан биридир. У меҳнаткаш халқнинг фикр ҳисларини, орзуларини, интилишларини акс эттирган демократ шоирдир.
Фурқат ҳайкали
ХIХ охирларида ўзбек адабиётида тамоман янги фикр ғояларни тарғиб этган Зокиржон Фурқат асарлари ўзининг ғоявий, бадиий юксаклиги, мусиқийлиги билан ўқувчиларни мамнун этиб келади.
Ўзбекистондаги бир қатор туман, мактаб, кўча ва хиёбонлар унинг номи билан аталади.