Транспорт вазирлигида Осиё тараққиёт банки вакиллари билан учрашув ўтказилди

Учрашувда Яшил иқлим фондининг “Электромобиллик дастури”ни молиялаштириш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 окт — Sputnik. Бугун, 10 октябрь куни Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров Осиё тараққиёт банки вакиллари билан учрашди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Яшил иқлим фондининг “Электромобиллик дастури”ни молиялаштириш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.
Етти мамлакатда, жумладан, Ўзбекистонда амалга оширилиши режалаштирилган мазкур дастурни молиялаштириш бўйича таклиф этилаётган маблағ 170 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Ушбу дастур тижорат электромобилларини оммалаштиришдаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган. Дастур электробуслар паркини ва ёрдамчи инфратузилмани жойлаштириш, жамоат транспорти тизимини яхшилаш ҳамда унинг барқарорлигини таъминлаш, шунингдек, электромобилларни ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсатини қўллаб-қувватлашни кўзда тутувчи 4 та йўналишни ўз ичига олади.