Путин: Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескинлашуви — АҚШ сиёсати муваффақиятсизлиги мисоли

Биринчи навбатда, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш тўғрисидаги қарорларини амалга ошириш зарурлигини назарда тутяпман, деди Россия президенти.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 окт — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин Исроилдаги вазият кескинлашганидан афсус билдириб, буни АҚШнинг Яқин Шарқдаги сиёсати муваффақиятсизликка учраганининг яққол мисоли деб атади. Бу ҳақда РИА Новости ёзмоқда.
У Ироқ бош вазири Муҳаммад ал-Суданий билан учрашди ва ушбу учрашув глобал инқирозлар фонида ўтаётганини таъкидлади.
“Украина инқирози ҳам давом этмоқда ва, афсуски, биз Яқин Шарқдаги вазият кескин ёмонлашганини кўрмоқдамиз. Ўйлайманки, кўпчилик бу АҚШнинг Яқин Шарқдаги келишувни монополияга олишга уринилган, бироқ, афсуски, ҳар икки томон учун ҳам мақбул бўлган муросаларни топиш билан шуғулланилмаган, аксинча, буни қандай қилиш кераклиги ҳақидаги ўз ғояларини илгари сурган ва ҳар икки томонга босим ўтказган сиёсати муваффақиятсизликка учраганининг яққол мисоли деган фикрга қўшилади”, — деди Путин.
“Айнан иккаласида (томонда), бир унисида, бир бошқасида, лекин ҳар сафар Фаластин халқининг асосий манфаатларини ҳисобга олмасдан. Биринчи навбатда, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш тўғрисидаги қарорларини амалга ошириш зарурлигини назарда тутяпман”, - деди Россия президенти.
7 октябрь куни эрталаб Исроил Ғазо секторидан ракета ҳужумига учради. Армия матбуот хизмати республика бўйлаб уч мингдан ортиқ ракета учирилганини маълум қилди. Бундан ташқари, ҲАМАС жангарилари ракета ҳужумларидан сўнг Исроил жанубидаги чегара ҳудудларига кириб борди. Охирги маълумотларга кўра, Исроилда қурбонлар сони 900 нафарга етган.
ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти “Ал-Ақса тўфони” деб номланган операция ўтказаётганини маълум қилди.
Исроил мудофаа армияси бунга жавобан “Темир қиличлар” операциясини бошлади. Мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилинди. Бош вазир Биньямин Нетаньяху халққа қилган мурожаатида республика уруш ҳолатида эканини айтиб, захираларни кенг миқёсда сафарбар қилишга буйруқ берганини айтди.
Исроил авиацияси Ғазо секторидаги нишонларга зарба бера бошлади. Охирги маълумотларга кўра, Исроил ҳужумларида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 687 нафарга етди.