Болалар омбудсманига янги вакил сайланди

Депутатлар Олий Мажлиснинг болалар ҳуқуқлари бўйича янги вакилини сайлашди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 окт — Sputnik. Депутатлар Сурайё Раҳмоновани Олий Мажлиснинг болалар ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) лавозимига сайлашди, дея хабар берди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.
"Депутатлар Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) лавозимига Сурайё Раҳмоновани сайладилар ва мазкур қарор Олий Мажлиснинг Сенатига юборилди", — дейилади хабарда.
Маълумот учун, Сурайё Раҳмонова 1978 йилда туғилган. Тошкент давлат юридик университетини тамомлаган. У аввал Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари, АОКАда бўлим бошлиғи каби лавозимларда ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий Мажлиснинг бола ҳуқуқлари бўйича вакили (болалар омбудсмани) Алия Юнусова лавозимини тарк этаётганини маълум қилганди.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда бажаради. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистон Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан 5 йил муддатга сайланади. Мазкур лавозимга эса номзодни президент тавсия этади.