ТОШКЕНТ, 9 окт — Sputnik. АҚШ Конгресси аъзоси Маржори Тейлор Грин Пентагонни ҲАМАС Америка қуролларини қаердан олганини текширишга чақирди. Бу ҳақда Sputnik Ближнее зарубежье хабар берди.
Маржори Тейлор Грин қуроллар Украина ёки Афғонистондан фаластинликларга келган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.
“Биз ҲАМАС томонидан Исроилга қарши қўлланган барча АҚШ қуролларининг серия рақамларини кузатиш учун Исроил билан ҳамкорлик қилишимиз керак. Афғонистондан келганми? Украинадан келганми? Иккаласи ҳам бўлиши эҳтимоли катта”, - дейди у.
Ғарб қуролларининг Украинадан фаластинликлар қўлига тушгани ҳақидаги илк фактлар шу йилнинг июнь ойида маълум бўлганди.
7 октябрь куни эрталаб Исроил Ғазо секторидан ракета ҳужумига учради. Армия матбуот хизмати республика бўйлаб уч мингдан ортиқ ракета учирилганини маълум қилди. Бундан ташқари, ҲАМАС жангарилари ракета ҳужумларидан сўнг Исроил жанубидаги чегара ҳудудларига кириб борди. Охирги маълумотларга кўра, Исроилнинг 600 дан ортиқ тинч аҳолиси ҳалок бўлган, 2 мингдан ортиқ киши яраланган.
ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти “Ал-Ақса тўфони” деб номланган операция ўтказаётганини маълум қилди. Улар 35 нафар ҳарбий хизматчи ва кўчманчиларни асирга олгани айтилади.
Исроил мудофаа армияси бунга жавобан “Темир қиличлар” операциясини бошлади. Мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилинди. Бош вазир Биньямин Нетаньяху халққа қилган мурожаатида республика уруш ҳолатида эканини айтиб, захираларни кенг миқёсда сафарбар қилишга буйруқ берганини айтди.
Исроил авиацияси Ғазо секторидаги нишонларга зарба бера бошлади. Охирги маълумотларга кўра, Исроил ҳужумларида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 436 нафарга етди. 2,3 минг киши жароҳатланди.