ТОШКЕНТ, 8 окт — Sputnik. Ўзбекистон қонунчилигида аёлларга 10 дан ортиқ имтиёз ва енгилликлар берилган. Бу ҳақда Адлия вазири матбуот котиби Севара Уринбоева Sputnik мухбирига маълум қилди.
Коллеж ва техникумларда ўқиётган хотин-қизларга давлат гранти ажратилади
Ҳукуматнинг 516-сонли қарори билан коллеж ва техникумларга тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган хотин-қизлар ўқув йилининг 10 октябрига қадар коллеж ёки техникум директори номига давлат гранти асосида ўқиш учун ариза билан мурожаат қилишлари мумкин. Аризалар тааллуқлилиги бўйича коллеж ва техникумлар томонидан 3 иш кунида кўриб чиқилади. Улар умумлаштирилган ҳолда, ҳудудлардаги олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаларига тақдим этилади.
Тўлов контрактда ўқиётган хотин-қизлар фоизсиз таълим кредити олади
Президентнинг ПҚ-323-сонли қарорига кўра, ўтган йилдан буён тўлов-контрактда ўқиётган хотин-қизларга имтиёзли фоизсиз таълим кредити берилмоқда. Кредитлар кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклига берилади.
Таълим кредитининг асосий қисми талабанинг таълим муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади. Талаба қизлардан кредит олиш учун кўп ҳужжатлар таълаб этилмайди. Улардан банкка ариза, шахсни тасдиқловчи ҳужжат, таълим муассасаси билан тўлов-контракт шартномаси ва кафил таълаб этилади.
Айрим тоифадаги хотин-қизларга ОТМга кириш учун тавсиянома берилади
Вазирлар Маҳкамасининг 402-сонли қарори билан, эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга олий таълим муассасалари киришда давлат гранти асосидаги қабул доирасидаги танловда иштирок этиш учун тавсиянома берилади.
Тавсиянома қуйидаги мезонлар асосида тақдим этилади:
кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлар;
тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни отаси ёки онаси ёхуд уларнинг иккаласи ҳам вафот этган ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар;
турмуш ўртоғи вафот этган, вояга етмаган фарзандини ёлғиз тарбиялаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар;
ногирон фарзанди бор эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар;
2 ва ундан ортиқ фарзандини тарбиялаётган, қариндошларидан алоҳида яшаётган ёлғиз аёлларнинг қиз фарзандлари;
ота-оналаридан бири ёки ҳар иккиси ҳам I ёки II гуруҳ ногирони бўлган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар.
Тавсиянома олиш учун туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларига электрон шаклда мурожаат қилинади.
Магистратурада ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловлари қайтариш шартисиз қопланади
Ҳукуматнинг 447-сонли қарори билан қабул қилинган тегишли низомда ОТМ магистратурасида ўқиётган хотин-қизларнинг контракт тўловларини қоплаб бериш тартиби белгиланган.
ОТМ, шу жумладан, Давлат бошқарув академияси, Бош прокуратура академияси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ҳамда Банк-молия академиясининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт-тўловлари қайтариш шартисиз қопланади.
Бунинг учун давлат ОТМнинг магистратура босқичига тўлов-контракт асосида қабул қилинган ва таълим олаётган талаба хотин-қизлар ўқув йили учун тўлов-контрактнинг тўлиқ суммасини қоплаб бериш юзасидан ўзлари ўқийдиган ОТМ ректори номига 15 сентябргача ариза билан мурожаат этади.
Хотин-қизларга тадбиркорликни йўлга қўйиш учун 33 миллион сўмгача кредитлар ажратилади
Президентнинг ПҚ-5020-сонли қарори билан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан 3 йилгача ва 6 ойгача имтиёзли давр билан йиллик 14 фоиз ставкада 33 миллион сўмгача кредитлар берилади.
Бунинг учун улар қуйидаги дастурлардан бирини муваффақиятли тугатган бўлиши керак:
Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ва Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби маъқулланган дастурлар асосидаги ўқув курслари;
"Ишга марҳамат" мономарказлари, касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, маҳаллалардаги касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ва Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари ёки нодавлат таълим муассасаларининг касбга ўргатиш ўқув курсларининг махсус ўқитиш дастурлари.
Аёлларни пенсия ёшига тўлгани сабабли иш берувчи ташаббуси билан ишдан бўшатиш тақиқланади
Президентнинг ПҚ-4235-сон қарори билан, аёлларнинг пенсия ёшига тўлганлиги ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи вужудга келганлиги сабабли улар билан тузилган номуайян муддатли меҳнат шартномасини 60 ёшга тўлгунга қадар ёки муддатли меҳнат шартномасини муддати тугагунга қадар иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тақиқланади.
Эркак ва аёллар ҳуқуқлари тенглигининг бузилиши билан боғлиқ ишларнинг судларда кўриб чиқилишида аёлларга адвокатлар томонидан кўрсатиладиган юридик хизмат учун ҳақ уларнинг хоҳишига кўра давлат ҳисобидан қопланади.
Оғир ижтимоий аҳволдаги хотин-қизларга имтиёзли уй-жойлар берилади
Вазирлар Маҳкамасининг 285-сонли қарори билан, уй-жойга муҳтож хотин-қизларга бериладиган арзон уй-жойлар тўловининг 10 фоизи Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси, талабгор ишлаётган ташкилот ва бошқа манбалар ҳисобига (бошланғич бадал сифатида), 90 фоизи банкларнинг имтиёзли кредитлари ҳисобига қопланади.
Аризалар туман ҳокими бошчилигидаги ҳудудий комиссияга берилади.
“Аёллар дафтари” га киритилганларга 5 млн сўмгача кредитлар нақд берилиши мумкин
Вазирлар Маҳкамасининг 145-сонлиқарори билан, "Аёллар дафтари"га киритилган ва ўзини ўзи банд қиладиган хотин-қизларга айрим турдаги фаолиятни амалга ошириш (касаначилик, ҳунармандчилик, иссиқхона қуриш ва шу кабилар учун зарурий хом ашё, эҳтиёт қисм ҳамда қурилиш молларини сотиб олиш) мақсадида 5 млн сўмгача миқдорида кредит маблағлари нақд пулда берилиши мумкин.
“Аёллар дафтари” га 30 ёшдан ошган қуйидаги хотин-қизлар киритилади:
ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар;
тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар;
боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар;
ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, тезкор тиббий муолажага муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар;
уй-жойга муҳтож хотин-қизлар;
қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзандлари бор эҳтиёжманд хотин-қизлар.
Фаол ва ташаббускор хотин-қизлар "Мўътабар аёл" кўкрак нишони билан тақдирланади
Вазирлар Маҳкамасининг 257-сонли қарори билан, жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган аёллар "Мўътабар аёл" кўкрак нишони билан тақдирланади. Шунингдек, мазкур кўкрак нишони ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланишига, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш борасида ибратли фаолият олиб бораётган хотин-қизларга ҳам берилади.
Ногиронлиги бўлган хотин-қизларни ишга олганларга субсидия берилади
Президентнинг ПҚ–329-сон қарори билан, меҳнатга лаёқатли, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни иш билан таъминлаган иш берувчилар учун 6 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари (600 минг сўм) дан кам бўлмаган миқдорда субсидия ажратилади.
“Аёллар дафтари”га киритилган ёлғиз аёлларнинг фарзандлари ҳам боғчага имтиёзли рўйхат асосида қабул қилинади
Вазирлар Маҳкамасининг 319-сонли қарори билан, “Аёллар дафтари”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёлларнинг болалари давлат мактабгача таълим ташкилотларига устунлик билан қабул қилиниш ҳуқуқига эга.
Болаларни имтиёзли рўйхат бўйича қабул қилиш давлат-хусусий шерикликка асосланган нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига татбиқ этилмайди.