ТОШКЕНТ, 7 окт — Sputnik. Бугун Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларида иштирок этаётган каратэ WKF бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Севинч Раҳимова олтин медаль учун жанг қилади, дея хабар берди Миллий олимпия қўмитаси.
Каратэ WKF бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Севинч Раҳимованинг ғалабали иштироки давом этади. У ярим финалда жанубий кореялик Сухюн Хвангни 8:0 ҳисобида мағлуб этиб, финал йўлланмасини қўлга киритди. Раҳимова бугун кечки дастурда олтин медаль учун Хитой Таипейи вакили Суи-Пинг Ку билан жанг қилади.
Севинч Раҳимова дастлабки босқичда таиландлик Сирикамоннате Чокпрасертгул, чорак финалда эса хитойлик Жимеи Дингни мағлубиятга учратган.
Маълумот учун, Осиё ўйинлари якунланиб бормоқда. Бугун Ўзбекистон делегацияси 9 спорт турида медаллар учун баҳс олиб боради.