Рауф Парфи — биография

Рауф Парфи — Ўзбекистон халқ шоири, моҳир таржимон, бир қатор дунё миқёсидаги мукофотлар совриндори, ўзбек шеъриятига янгилик оқимини олиб кирган маърифатпарвар шоир.
Sputnik

Рауф Парфи биографияси

Истеъдодли шоир Рауф Парфи 1943 йил 27 сентябрда Тошкент вилояти Янгийўл туманининг Шўралисой қишлоғида дунёга келди. Бошланғич ва ўрта маълумотни “Шарқ юлдузи”(1-7 синфлар), Шўралисойдаги 53 (8-9 синфлар), Янгийўл шаҳридаги Алишер Навоий номли (10-11 синфлар) мактабларда олди. Унинг биринчи шеъри 1958 йили Янгийўл туман газетасида босилиб чиқди.1960-1965 йилларда Тошкент Давлат университетининг филология факультети журналистика бўлимида таҳсил олади.
Рауф Парфи

Фаолияти

У Республика кино қўмитасида, Ғ. Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат, “Ёзувчи” нашриётларида муҳаррир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Тарғибот марказида бош муҳаррир, “Жаҳон адабиёти” журналида етакчи муҳаррир вазифаларида ҳамда “Ойдин”, “Ватан”, “Ватан”, “Туркистон” газеталарида хизмат қилди.
Рауф Парфи

Ижодий йўли

Унинг илк шеърлари 50-йилларнинг иккинчи ярмида пайдо бўлган бўлсада, Рауф Парфи 60-йилларнинг ўрталарига келиб, шоир сифатида танилди. Унинг “Карвон йўли” (1969), “Акс-садо” (1970), “Тасвир” (1973), “Хотирот” (1975), “Кўзлар” (1977), “Қайтиш” (1978), “Сабр дарахти” (1986), “Сукунат” (1989) ва “Тавба” каби ўнлаб шеърий тўпламлари босилиб чиқди. Унинг яна ўз қўли билан тартиб берган “Сўнгги видо” (ўлимидан сўнг, 2006-йили чоп этилган), “Ҳукмнома” ва “Иймон асири” деб аталган шеърлар, адабий қайд, ихчам тадқиқотлардан иборат китоблари яқинлари ва мухлисларига маълум. У наср билан ҳам шуғулланган, айрим ҳикояларини матбуотда эълон қилишга улгурган ҳам эди.
Рауф Парфи
Рауф Парфи шеъриятининг асосий мавзуси - бу шахс эрки, Ватан мустақиллиги ва Туркистон, турк дунёсининг бирлигидир. Экрликни куйловчи шеърларига "Бир қушча" шеърини мисол қилиб келтириш мумкин:
Бир қушча деразам ёнида
Ўтирар паришон ва ғариб.
Йиғлайди кўзлари ёнади,
Кўзлари иккита марварид.
Бир ажиб навога ўхшайди,
Шоирга ўхшайди бир ҳассос.
Мискин соз чалмоққа у шайдир,
Дардига бордир-ку бир асос.
Мен унга қарайман оҳиста,
Мен қушча ҳолига йиғлайман.
Ва лекин билмайман, не истар,
Билмайман, ҳеч қачон, билмайман...
Турли йилларда шоирнинг “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик” каби журналларда, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Туркистон” газеталарида Мустақиллик даврини куйловчи ўнлаб ажойиб шеърлари босилди. Унинг шеърларининг довруғи узоқларга етган. Турк, озарбайжон, инглиз, рус, латиш, эстон ва бошқа тилларга таржима қилинган.
Рауф Парфи

Рауф Парфи таржимон сифатида

У ўзбек тилидан ташқари турк тилини мукаммал билган, рус тилини яхши тушунган. Моҳир таржимон сифатида Байроннинг “Манфред”, Нозим Ҳикматнинг “Инсон манзаралари”, Карло Каладзенинг “Денгиз хаёли” каби асарларини ўзбек китобхонларига етказди.
Рауф Парфи “Сабр дарахти” (1986) шеърий тўплами учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ҳамид Олимжон номидаги совринига мушарраф бўлган. Шунингдек, Туркияда ўтказилган туркигуй шоирлар танловида биринчи ўринни қўлга киритиб, Туркия Ёзарлар бирлигининг адабий мукофотини ҳам қўлга киритган. Бундан ташқари у Халқаро Маҳмуд Қошғарий, Туркия Диёнат Вақфи мукофотларининг соҳибидир. 1999 йилда “Ўзбекистон Халқ шоири” деган юксак унвон билан тақдирланади.
Рауф Парфи
Рауф Парфи 2005 йилнинг 28 мартида олтмиш уч ёшида юрак ҳуружидан вафот этган.