ТОШКЕНТ, 7 окт — Sputnik. Исроил армияси ракета зарбалари туфайли “жанговар тайёргарлик ҳолати” эълон қилди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
Бугун эрталаб Тел-Авивда ракета ҳақида огоҳлантириш сиреналари икки марта янгради. Шаҳарда Исроил ҳаво мудофаа тизими ишламоқда.
Қайд этилишича, аввалроқ радикаллар Ғазо секторидан Исроилга ўнлаб ракеталарни отган. Шифокорлар Исроил жанубида кекса аёлнинг ракета қулаши оқибатида ҳалок бўлганини тасдиқлади.
Исроил мудофаа кучлари баёнотида "Исроил мудофаа кучлари жанговар тайёргарлик ҳолатини эълон қилади", дейилган.
Шунингдек, хабарда айтилишича, жанубий ва марказий ҳудудлардаги тинч аҳоли бошпана яқинида, Ғазо секторига туташ ҳудудда эса бошпана ичида қолиши керак. Бош штаб раҳбари ҳозирда вазиятни баҳоламоқда ва Исроил мудофаа кучлари фаолиятини давом эттириш режаларини тасдиқламоқда.
Қурбонлар ҳақидаги илк маълумотлар Исроилдаги вазият кескинлашганидан кейин пайдо бўлди: ОАВ хабарларига кўра, ракета ҳужумлари муносабати билан 80 га яқин жабрланувчи шифохоналардан бирига етказилган.