Ботаника боғи Тошкент шаҳар ҳокимлиги балансига ўтказилмайди

Ботаника боғи Тошкент шаҳар ҳокимлиги балансига ўтказилмаган ва ҳокимлик мазкур қарор ташаббускори эмас.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 окт — Sputnik. Ботаника боғи Тошкент шаҳар ҳокимлиги балансига ўтказилмайди, дея хабар берди ҳокимлик матбуот хизмати.
Айтилишича, Project.gov.uz порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Истироҳат боғлари фаолияти ва уларни бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Унга кўра, маданият ва истироҳат боғларини вилоятлар ҳокимликлари ҳузурида ташкил этиладиган “Истироҳат боғларини бошқариш дирекциялари” тасарруфига ўтказиш кўзда тутилган.
“Вазиятни ўрганган ва Ботаника боғи мутахассислари билан суҳбатлашган ҳолда, шуни маълум қиламизки, Ботаника боғи Тошкент шаҳар ҳокимлиги балансига ўтказилмаган ва ҳокимлик мазкур қарор ташаббускори эмас”, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ҳокимлик ушбу илмий даргоҳнинг мамлакат экотизимини асраш, ўсимликлар генофондини сақлаш ва кўпайтиришдаги аҳамиятини эътироф этади ва уни истироҳат боғига айлантиришга йўл қўймайди.
"Ҳокимлик боғга ғамхўрлик қилаётган, унинг тақдиридан қайғураётган фаол шаҳар аҳолисига, хусусан, Ўзбекистон бош дендрологи Атиргул Холмирзаевага ўз миннатдорчилигини билдиради", — дея қўшимча қилинган хабарда.
Хабарда Тошкент шаҳри аҳолисидан ҳокимлик фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича аниқ ва ишончли маълумотларни 71 2100163 телефон рақами ҳамда ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалар орқали олиш сўралган.