Ханчжоу-2022: бадиий гимнастикачиларда “олтин”, Жўраевда “кумуш”, Нурудиновда эса “бронза”

Бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси ва оғир атлетикачилар Ўзбекистонга навбатдаги медалларни тақдим этишди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 окт — Sputnik. Ўзбекистонлик спортчилар Хитойда ўтаётган Осиё ўйинларида медалларга эга чиқишда давом этишмоқда.
Бугундан беллашувларга киришган бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари яккалик дастурида саралаш ва жамоавий йўналиш бўйича финал баҳсларини ўтказишди.
Тахмина Икромова, Вилана Савадян ҳамда Эвелина Атальянцдан иборат жамоа 324.8 балл жамғаришга эришди.
“Қувонарлиси, ушбу натижани ҳеч бир жамоа такрорлай олмади ва ҳамюртларимиз жамоавий дастурда олтин медални қўлга киритишди”, - дейилган Миллий олимпия қўмитаси хабарида.
Шунингдек, бугунги чиқишлари орқали Тахмина Икромова ҳамда Эвелина Атальянц яккалик йўналишида кўпкураш дастурида медаллар учун курашиш имконини сақлаб қолишди.
Оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Акбар Жўраев ва Руслан Нурудинов Осиё ўйинларининг совриндорига айланишди.
-109 кг вазн тоифасида иштирок этган Акбар Жўраев 417 (189+228) кг билан кумуш, Руслан Нурудинов эса 391 (175+216) кг билан бронза медалини қўлга киритди.