ТОШКЕНТ, 5 окт — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси ҳукумати раиси ўринбосари – саноат ва савдо вазири Денис Мантуров Татаристон раҳбари Рустам Минниханов ҳамроҳлигида Татаристон саноат салоҳияти кўргазмасини бориб кўрди, деб хабар бермоқда РИА Новости мухбири.
Татаристон саноат салоҳияти кўргазмаси Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги III минтақалараро ҳамкорлик форуми доирасида ташкил этилди. Кўргазмада Татаристоннинг 60 дан ортиқ етакчи корхоналари, жумладан, “Татнефть”, “КАМАЗ”, “Сибур”, Қозон вертолёт заводи, “Алабуга” ва “Иннополис” махсус иқтисодий зоналари ва бошқаларнинг маҳсулотлари намойиш этилди.
Татаристон раҳбари матбуот хизматининг хабар беришича, Ўзбекистон Президенти республикага ташрифи давомида Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги минтақалараро ҳамкорлик форуми якунлари билан танишади, Башир Рамеев номидаги юқори технологиялар технопаркига ва бошқа бир қатор объектларга ташриф буюради.
Қозон Кремлида Татаристон раҳбари Рустам Минниханов билан учрашув ҳам режалаштирилган.
Ўзбекистон президентининг Россия Федерациясига ташрифи арафасида Қозон шаҳрида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги минтақалараро ҳамкорлик форуми бўлиб ўтди. Унинг мақсади икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат.