ТОШКЕНТ, 5 окт — Sputnik. ЕОИИда 2024 йилда транспорт сиёсатининг "йўл харитаси" қабул қилинади. Бу ҳақида Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) энергетика ва инфратузилма вазири Арзибек Кожошев Остонада бўлиб ўтган "New Silk Way" — VI Халқаро транспорт-логистика бизнес форуми доирасида маълум қилди.
"Биз Иттифоқ мамлакатлари ва минтақадаги ҳамкорларимизнинг халқаро транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган миллий саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаймиз", – деди Арзибек Кожошев ва айни пайтда анъанавий халқаро йўлакларни диверсификация қилиш ва юк оқимини оптималлаштириш жараёни давом этаётганини таъкидлади.
“Асосий транспорт оқимларининг Шарқ ва Осиё томонига бурилаётган вазиятда, "Шимол-Жануб", “Европа-Ғарбий Хитой”, “Янги Ипак йўли”, Транскаспий халқаро транспорт йўналиши ва ТРАСEКА каби анъанавий транспорт коридорлари янги мазмунга эга бўлмоқда. Уларнинг фаолиятини белгилайдиган ҳуқуқий асослар янгиланмоқда, йўналиш тармоқлари кенгаймоқда, манфаатдор давлатлар ва хўжалик субъектлари сони ошмоқда, коридорларни бошқаришнинг янги механизмлари белгиланмоқда", - деди ЕИК вазири.
Кожошев ЕОИИ доирасида мувофиқлаштирилган транспорт сиёсати ишлаб чиқиш, халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
"Транспорт соҳасида энг асосий масала — бозорнинг турли субъектлари орасида технологик боғлиқликни таъминлаш" — деди Кожошев.
Ундан ташқари ЕИК транспорт вазири ЕОИИ доирасида ишлаб чиқилаётган транспорт сиёсатининг йўл харитаси ҳақида ҳам батафсил айтиб берди.
"ЕОИИ доирасида 2024-2026 йилларга мўлжалланган Транспорт сиёсатининг мувофиқлаштирилган (келишилган) асосий йўналишлари ва босқичлари "йўл харитаси" тайёрланмоқда. Ҳужжат ЕОИИ ҳукуматлараро Кенгаши томонидан 2024 йилнинг биринчи ярмида қабул қилиниши кутилмоқда", - деди Кожошев.
Форум доирасида Арзибек Кожошев ва Қозоғистон Республикаси транспорт вазири Марат Карабоев ва Тожикистон Республикаси транспорт вазири Азим Иброҳим ўртасида икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтди.