ТОШКЕНТ, 4 окт — Sputnik. Жорий йил сентябрь ойида Ўзбекистонда айрим истеъмолчиларнинг электр энергияси ва табиий газдан ноқонуний фойдаланишлари натижасида тизимга 111 млрд 428 млн сўм зарар етказилган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция” томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва электр ҳамда газ таъминоти корхоналари мутахассислари билан ҳамкорликда сентябрь ойида ўтказилган назорат тадбирларида 911 та ҳолатда истеъмолчилар томонидан табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.
Бунда 94 млн 533 минг метр куб табиий газ (91 млрд 57 млн сўм) ва 42 млн 961 минг кВт⋅соат электр энергияси (20 млрд 371 млн сўм) талон-торож қилиниши натижасида тизимга келтирилган жами 111 млрд 428 млн сўм зарар ундиришга қаратилди.
Ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг энг кўпи — Самарқанд, Фарғона ва Тошкент вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.
Маълумот учун, ушбу ҳажмдаги табиий газ ҳозирги кунда 472 минг 665 та хонадоннинг, электр энергияси эса 214 минг 805 та хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенг.
Қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинди.