ТОШКЕНТ, 4 окт — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин Россия-Ўзбекистон III минтақалараро ҳамкорлик форуми иштирокчилари ва меҳмонларини қутлади. Бу ҳақида Кремль расмий саҳифасида эълон қилинган телеграммадан маълум бўлди.
"Азиз дўстлар! Сизларни Қозон шаҳрида Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги учинчи минтақалараро ҳамкорлик форумининг очилиши муносабати билан қутлайман. Минтақавий ҳамкорлик давлатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг муҳим таркибий қисмидир. Россия Федерацияси субъектлари ва Ўзбекистон вилоятлари ўртасида ҳамкорлик шартномалари тузилади, фаол делегация алмашинувини қўллаб-қувватлайди, мунтазам равишда тегишли кўргазма ва тақдимотлар ўтказиб туради”, — дейилади телеграммада.
Президент таъкидлаганидек, мазкур форум вилоят ва шаҳар ҳокимликлари раҳбарлари, тадбиркорлар, олимлар, маданият ва таълим арбоблари иштирокида тўғридан-тўғри мулоқот қилишнинг самарали механизми ҳисобланади.
Россия етакчиси форумда саноат, савдо, транспорт, логистика, туризм ва ёшлар сиёсати каби соҳалардаги ўзаро ҳамкорликнинг турли жиҳатларига эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлади ва аниқ режалар тузиш вақти келаганини айтиб ўтди.
“Бу соҳаларнинг барчасида аллақачон яхши ютуқлар бор, энди муҳим вазифа – ҳамкорликдаги ишнинг янги, истиқболли шакл ва усулларини, жумладан, минтақалараро алоқаларни ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган “йўл хариталари”ни келишиб олиш ва бу борадаги вазифаларни ва уларни амалга ошириш муддатларини аниқ белгилаб олишдан иборат”, — деб қўшимча қилинган телеграммада.
Россия президенти форум иштирокчилари ва меҳмонлар томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалар Россия-Ўзбекистон ҳамкорлиги самарасини янада оширишга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Маълумот учун, 4 октябрь куни Қозон шаҳрида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги минтақалараро ҳамкорликнинг учинчи форуми бўлиб ўтмоқда. Мазкур форум икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш, тадбиркорларнинг кенг доирасини қамраб олиш мақсадида ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Владимир Путин таклифига биноан 5-7 октябрь кунлари расмий ташриф билан Россияда бўлади. Ташриф доирасида икки давлат етакчиларининг музокаралари бўлиб ўтади. Шунингдек, Мирзиёев Россия ҳукумати раиси Михаил Мишустин, Татаристон раҳбари Рустам Миннихановлар билан ҳам учрашади.
Бўлажак учрашувлар кун тартибидан икки томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо ва иқтисодиёт, инвестиция, миграция ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган.