Таржимаи ҳоли
Миртемир Турсунмуҳаммад ўғли Турсунов 1910 йилда Туркистон шаҳрига туташ Иқон қишлоғида туғилди. У эски мактабни битиргач, 1921-1923 йилларда Тошкентдаги “Алмаий” номли болалар намуна мактабида тарбияланади.
Миртемир Турсунов
© Библиотека Хуршида Даврона
Сўнг 1925 йили ўзбек Эрлар билим юртига ўқишга кириб, уни 1929 йилда тамомлайди ва шу йили Ўзбекистон давлат педагогика академиясига ўқишга киради. Айни вақтда у Ўзбекистон Марказий Ижроия қўмитасининг раиси Йўлдош Охунбобоевнинг шахсий котиби бўлиб ишлайди.
Фаолияти
Миртемир 30 йилларнинг бошларида номаълум сабабларга кўра қатағон этилиб, “Москва-Волга” канали қурилишига юборилади. Аммо кўп ўтмай, озод этилиб, оз муддат турли ўқув юртларида дарс беради, муҳарририятларда адабий ходим, театрларда адабий эмакдош, Ёзувчилар уюшмасида маслаҳатчи, нашриётларда муҳаррир бўлиб ишлайди.
Ўзини ҳамиша халқидан қарздор деб билган Миртемир таржимаи ҳолида шундай ёзади: “Бошимга синовли кунлар ҳам тушди. Лекин ёзишдан, таржимадан ҳеч тинмаганман. Уринаман, изланаман, ўрганаман. Ҳали мен ёзув столига астойдил ўтирганим йўқ, ҳали халқимга айтишим керак бўлган гапни айтолганим йўқ. Мендан нон ва туз аямаган, ҳам шараф бағишлаган халқимга ҳали мен кўп қарздорман”.
Миртемир Турсунов
© Библиотека Хуршида Даврона
Ижоди
Унинг биринчи шеъри 1926 йилда “Танбурим овози” номи билан “Ёш ленинчи” рўзномасида босилган. Шоирнинг “Шуълалар қўйнида” номли биринчи китоби эса 1928 йилда чоп этилган. Унда Ватан мадҳи, меҳнат гашти ва ёш замондошларнинг маънавий дунёси тараннум қилинган.
Шоир ҳалқ ижодидан илҳомланиб, “Аждар”, “Дилкушо”, “Сув қизи”, “Ойсанамнинг туйида” каби достонларни яратди. Бу асарлар 30-йиларнинг иккинчи ярмидаги ўзбек шеъриятининг ривожланишига муҳим ҳисса бўлиб қўшилган.
Унинг уруш йилларида яратилган “Вабо”, “Ўч”, “Бу-менинг Ватаним”, “Она шаҳар”, “Денгиз буйида”, “Мард йигит, ёринг бўлай”, “Пилла”, “Кўзларим йўлингда” каби шеърларида душманга нафрат ҳисларини жанговор руҳда ифодалайди.
Азамат шаҳарлар бурчи-бурчи
Ёйилган элатлар, эллар, аймоқлар.
Хирмонлар уйилган қирлар тўшида,
Водийлар, далалар, азиз қирғоқлар...
Бу - менинг Ватаним! Бу - бахт диёри,
Бунда эзгу эрк бор - эл ифтихори.
Урушдан кейинги йиллар Миртемир ижодида замон билан ҳамнафаслик, даврнинг энг муҳим масалаларини, замондошларнинг баркамол образларини яратиш тамойили кенг ўрин тутади.
Миртемирнинг “Қорақалпоқ дафтари” шеърлар туркуми ўзбек шеъриятнинг 60-йиллардаги ютуқларидандир. Шоирнинг “Сурат” достони ўзбек достончилигининг энг нодир намуналаридан биридир. Шоирнинг “Мен сени...”, “Чағалай”, “Қирғизистон”, “Махтумқули тўйида”, “Онагинам”, “Қозоғим”, “Қайдадир булоқ” каби шеърлари халқлар дўстлигини куйловчи энг яхши асарлардандир.
Қайдадир булоқ бор тоғлар бошида -
Кумуш балиқларнинг сўлим ўлкаси.
Тошларга урилиб оқмоқда оқ сув,
Тўлқинлари тиниқ ва порлоқ инжу.
- Қайларга шошасан, покиза оқим?
- Улкан денгизга,
Улкан денгиздаги чиройли қизга...
Салқин оғушимда ёйиб қулочин,
У менинг мавжимда ювади сочин.
Ташнм табларига бўламан дармон,
У менга мунтазир, менга нигорон.
- Ҳа, сенга мунтазир фақат у эмас,
Чексиз денгсиз эмас, чексиз сув эмас,
Ўша қиз сингари тална ирмоқ ҳам,
Ўша денгиз янглиғ чексиз тупроқ ҳам
Сенга мунтазиру сенга нигорон...
Таржимонлик фаолияти
Миртемирнинг таржимонлик санъати ҳам таҳсинга лойиқдир. У Александр Пушкиннинг шеърларини, Николай Некрасовнинг “ Русияда ким яхши яшайди”, Шота Руставелининг “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон”, Абай, Махтумқули ва Бердақ асарларини ҳамда қирғиз халқ эпоси “Манас”ни таржима қилган.
Миртемир 1978 йил 25 январда вафот этган. 1979 йилда унга “Тоғдай таянчим”шеърий тўплами учун Ҳамза номидаги давлат мукофоти берилган.
Миртемир Турсунов
© Центр духовности и просвещения
1980 йилнинг 28 ноябрида ҳассос шоир Миртемирнинг етмиш йиллиги кенг нишонланди, “Миртемир”номли ҳужжатли фильм суратга олинди. 1980-1983 йилларда тўрт томлик “Сайланма” асарлари чоп этилди.
"Домла Миртемирнинг “Саратонда соябонинг бўлойин…” шеърининг ўзи нечоғли гўзал ва ҳиссиётчан бўлса, уни қўшиққа айлантирган Маҳмуд Намозов ижроси ҳам юракларни тўлқинлантиради. Замонавий ўзбек қўшиқчилигида бундай сўз, куй ва ижро ҳамоҳанглиги намоён бўлган қўшиқлар сони бармоқларимиз сонидан ошмаса керак", деб ёзади Хуршид Даврон.
1977 йил Бердақ номидаги Қорақалпоғистон давлат мукофоти, 2002 йил "Буюк хизматлари учун" ордени билан мукофотланган. Пойтахт Тошкентдаги кўча ва Андижон вилояти, Бўз туманидаги мактаблардан бири Миртемир номи билан аталади. Шоир туғилган Эски Иқон қишлоғида Миртемир уй-музейи барпо этилган.