ТОШКEНТ, 4 окт – Sputnik. Россиянинг "Лукойл" компанияси Ўзбекистонда малакали кадрларни ишга олади.
Ушбу масала Ўзбекистон бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазири Беҳзод Мусаевнинг "Лукойл" компанияси раҳбарияти билан учрашувида муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.
"Ўзаро музокараларда нефт-газ соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш ва уларни Россиянинг “Лукойл” компаниясида сменали иш билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди", - дейилади хабарда.
Учрашувда вазир Беҳзод Мусаев компанияда ишлаш истагини билдирган фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда уларни муносиб меҳнат шароити билан таъминлаш икки томонлама келишувда бош мезон бўлишини таъкидлади.
Россия компанияси томонидан учрашувда “Лукойл” компанияси вице-президентлари Степан Гуржий ва Анатолий Москаленко ҳамда “Лукойл Узбекистан Оперейтинг Компани” масъулияти чекланган жамияти бош директори Тимур Гайнаншинлар иштирок этишди.