ТОШКЕНТ, 3 окт — Sputnik. Ҳукуматнинг 29 сентябрдаги қарори билан “Яшил” истеъмол кредити бўйича фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш тартиби тўғрисида”ги низом қабул қилинди.
Унга кўра, Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси томонидан қиймати БҲМнинг 500 бараваридан (165 млн сўм) ҳамда фоиз ставкаси Марказий банки асосий ставкасининг 1,5 бараваридан ошмаган “яшил” истеъмол кредитлари бўйича фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган, бироқ 5 фоизли банддан кўп бўлмаган қисмини қоплаб бериш учун 3 йил муддатгача компенсация ажратилади.
Компенсация мурожаат санасида тижорат банкларининг скоринг тизимидан ижобий хулоса олган, кредитлар ва солиқлар бўйича муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлмаган жисмоний шахсларнинг “яшил” истеъмол кредитлари бўйича ажратилади.
Ҳужжатлар жамғармага тушган санадан 2 иш кунида кўриб чиқилади ҳамда компенсация ажратиш ёки компенсация ажратишни рад этиш тўғрисида маълумотнома расмийлаштирилади.
Компенсация ажратиш рад этилмаган буюртма кўриб чиқилгандан сўнг3 иш кунида тижорат банкига компенсация ўтказиб беради.
Жамғарма тижорат банкларининг кредитлари бўйича компенсация ажратишни қуйидаги ҳолатларда тўхтатади:
фоиз тўловлари компенсация қилинадиган кредитдан мақсадсиз фойдаланилганда;
қарз олувчи тўловлар жадвалига мувофиқ банкка тўловларни тўлаш мажбуриятларини3 ой ичида кетма-кет бажармаганда;
қарз олувчидан кредит суммаси ва унга ҳисобланган фоизлар муддатиданолдин ундирилганда;
тижорат банки ва қарз олувчи ўртасида кредит шартномаси бекор қилинганда ёки ҳақиқий эмас деб топилганда;
қарз олувчининг банк ҳисобварағидаги маблағлари хатловга олинганда;
қарз олувчининг ёки тижорат банкининг тақдим этган ҳужжатларида ишончсиз ёки нотўғри маълумотлар тақдим этилганлиги аниқланганда.
Компенсация ажратилган жисмоний шахснинг янги “яшил” истеъмол кредити бўйича қуйидаги ҳолларда такроран компенсация ажратилиши мумкин:
- амалдаги кредит шартномаси бўйича кредит қарздорлиги тўлиқ қайтарилганда;
- “яшил” истеъмол кредитини ажратиш тўғрисидаги шартнома бекор қилинганда ёки ҳақиқий эмас деб топилганда;
- жамғарма томонидан компенсация ажратишни тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилинганда.
Маълумот учун, “яшил” истеъмол кредити – қуёш фотоэлектр станцияси, қуёш сув иситкичлари ва шамол электр станцияларини ўрнатиш мақсадлари учун жисмоний шахсларга миллий валютада ажратиладиган кредит.