ТОШКЕНТ, 3 окт — Sputnik. Ўзбекистон Қатарга жун мато етказиб бериш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиши кутилмоқда. Бу ҳақда "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси хабар берди.
"Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси бошчилигидаги ўзбек тўқимачилик делегацияси Қатарнинг "Barzan Holdings" компанияси бош директори Абдулла ал-Хатем билан музокаралар олиб борди.
Учрашувда томонлар компаниянинг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтириш бўйича ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилишди.
“Ўзбекистоннинг "Uzwoolentex" компанияси билан Қатар компаниясига жун мато етказиб бериш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифи билдирилди”, — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон-Қатар Ишбилармонлар кенгаши тузилиши маълум қилинганди. Битим Қатар ССП биринчи вице-президенти Муҳаммад ал-Кувари ва Ўзбекистон ССП раиси Даврон Ваҳабов ўртасидаги учрашув якунлари бўйича имзоланди.