Фарғонада 1,4 миллиард сўмлик ноқонуний товарлар мусодара қилинди

Фарғона вилоятидаги уйлардан бирида 1,4 миллиард сўмлик ноқонуний сақланаётган дори воситалари ва тамаки маҳсулотлари топилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 окт — Sputnik. Фарғона вилояти Данғара туманида 1 миллиард 406 миллион сўмлик дори воситалари ва тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмаси фош этилди. Бу хақда Давлат божхона қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, вилоят божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари вилоят ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган.
Фарғонадаги хонадонда 1 миллиард сўмдан ошиқ маҳсулотлар сақлангани аниқланди
"Тадбир давомида умумий қиймати 1 миллиард 406 миллион сўмлик 292 мингдан зиёд сифати кафолатланмаган дори воситалари ва 30 минг қути акциз маркалари бўлмаган тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланган", — дейилади хабарда.
Фарғонадаги хонадонда 1 миллиард сўмдан ошиқ маҳсулотлар сақлангани аниқланди
Маҳсулотлар фуқаро Т.В. хонадонида ноқонуний сақланган. Уларнинг хорижда ишлаб чиқарилган, божхона расмийлаштирувидан ўтганини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлари бўлмаган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.