Таржимаи ҳоли
У 1958 йил 30 октябрда Сурхондарё вилоятида жойлашган Сариосиё тумани Кундажувоз қишлоғида маталгўйлик, достонхонлик урф бўлган оилада таваллуд топган. “Мен шу ҳазин товушлар дунёсида тарбия топдим”, дейди шоир. Вақт тез ўтди. Тошкент дорилфунунининг журналистика факультетидаги талабалик йиллари. Китоблар, илк шеърлар. Яна китоблар. Пул қолмаганда қотган нонларни чойга бўктириб, роҳат қилишлар... Ана шоирнинг қисқача таржимаи ҳоли. Ва яна ўқиш, ўрганиш, ижодий изланишлар... Буваси Ваҳоб шоир ва амакиси Сайидумар ака куйлаган қушиқларнинг чала қолганларини тўлдириш, хуллас, Сирожиддин Саййид “боболарим” бошлаган достонни сўнгги нуқтасига етқазиш менинг бурчим”, деб аҳд қилган шоир.
Сирожиддин Саййид
© ziyouz.uz портали
Ижоди
Шу кунгача унинг “Руҳим харитаси”, “Салқин харсанглар кафтида”, “Севги мамлакати”, “Асрагил”, “Меҳр қолур, муҳаббат қолур”, “Куйдим” ва “Ватанни ўрганиш”, "Ватан абадий"," Устимиздан утган ойлар", "Қалдирғочларга бер айвонларингни" каби бир қатор шеърий тўпламлари нашр этилди. Агар унинг биринчи “Орзу” деган шеъри 1975 йилда чоп этилган бўлса, биринчи тўплами “Руҳим харитаси”номи билан 1985 йилда босилиб чиқди.
Сирожиддин Саййид ҳамиша уйғоқ шоир. У дунё ва ҳаётда, қишлоғи ва ҳовлисида, замондошлари, дўсту-ёрлари қалбида кечаётган ўзгаришлардан, янгиланишлардан воқиф. Хусусан, эл-юрти тарихи, қисмати дардини куйлаш шоир учун фарз ва қарз бўлиб туйилди.
Юртим, менга зар керакмас заргарингдан,
Киприкларим унсалар бас гардларингдан.
Мен бир насим бўлиб келдим, мен бир насим,
Айтиб ўтсам дейман кўҳна дардларингдан.
Менга дунё керакмас, бир хас етар,
Яссавийлар ётган азиз ёрларингдан.
Айниқса, шоирнинг “катта йулга чиқиб олган улуғ Ватан” меҳри беқиёсдир.
Сўқмоғингда мен бир эпкин
Ё бир насимман.
Япроқ, сенинг, хас бўлсам гар
Сенинг хасинг мен.
Жайронларинг кўзларида
Қолар сўзингман,
Менинг борим сен биландир
Йўғим ҳам сен билан.
Катта йўлга чиққан улуғ
Карвоним Ватан.
Худди шу жиҳатдан шоирнинг “Ватанни ўрганиш” (1996) номли тўпламига кирган шеърлар “Куйдим” (1994) тўпламида гўзал ва мунгли туйғуларини янада чуқурлаштиришга хизмат этади. Бунда она Ватан тушунчасини англаш, унинг моҳиятига етиш бош тамойил бўлиб қолади.
Сирожиддин Сайиид шеъриятида халқ оғзаки ижодига хос содда, лўнда ифода усули мумтоз адабиётимиз оҳанглари билан уйғунлашиб кетади. Бунинг устига шоир Шарқнинг Фирдавсий, Ҳофиз, Бедилларидан Навоийгача, Европанинг Артур Рембо, Пабло Неруда, Александр Блок, Имант Зиёданисларгача, ўзимизнинг Чўлпон, Ойбек, Ғ.Ғуломлардан Э.Воҳидов, А.Ориповларгача ўрганиб, улардан илҳом олган. Айни чоғда уларни ва ўзини такрорламаслик йўлини топган. Сирожиддин Саййид изланувчан, истеъдодли ва кўп қиррали шоир сифатида ўзбек шеърияти ривожида ўз ўрнига эга бўлмоқда.
У 2020 йил 18 январда Олий Мажлис Сенатори этиб сайланди.
Сирожиддин Саййид жамият, халқ олдидаги хизматлари учун муносиб мукофотланган. У 1999 йилда "Дўстлик" ордени, 2006 йилда "Ўзбекистон халқ шоири", 2021 йилда "Меҳнат шуҳрати" ордени билан тақдирланган.