Санэпидқўмита Ҳиндистонга бормоқчи бўлган ўзбекистонликларни огоҳлантирди

Жорий йилнинг 22 сентябрь ҳолатига кўра, Нипаҳ инфекцияси бўйича олтита ҳолат тасдиқланган бўлиб, иккита ўлим ҳолати юз берган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 окт — Sputnik. Ўзбекистон Санитатария-эпидемиология қўмитаси Ҳиндистонга бориш истагида бўлганларни Нипаҳ вирусидан огоҳлантирди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ҳиндистоннинг Керала штатида Нипаҳ вируси авж олаётгани ҳақидаги маълумотини тақдим этди. Жорий йилнинг 22 сентябрь ҳолатига кўра, Нипаҳ инфекцияси бўйича олтита ҳолат тасдиқланган бўлиб, иккита ўлим ҳолати юз берган.
Нипаҳ вируси – бош мия яллиғланиши ёки нафас йўллари касалликлари билан кечадиган жиддий касалликни келтириб чиқарадиган вирус тури ҳисобланади.
Қўмита савдо-сотиқ ишлари бўйича борувчи тадбиркорлар ёки саёҳат учун Ҳиндистонга боришга чоғланган ўзбекистонликларга мазкур вирусдан сақланиш учун қуйидаги тавсияларга амал қилиш муҳимлигини эслатди:
шахсий гигиена қоидаларига риоя этиш;
меваларни истеъмол қилишдан олдин яхшилаб ювиш;
янги сиқилган хурмо шарбатини қайнатиб ичиш;
асосийси кўршапалаклар тирнаши ёки тишлаши натижасида тешилган меваларни истеъмол қилмаслик.