Мирзиёев Қатарда “яшил” энергетика лойиҳалари бўйича учрашувлар ўтказди

Учрашувда энергетика соҳасида, энг аввало, муқобил энергетикада янги лойиҳаларни илгари суриш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 окт — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 1 октябрь куни Доҳа шаҳрига келгач, “Nebras Power” компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад ал-Ҳажрийни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
“Nebras Power” – Қатарнинг етакчи энергетика корпорацияси. Компания ўндан зиёд мамлакатда йирик лойиҳаларни амалга оширган.
Учрашувда энергетика соҳасида, энг аввало, муқобил энергетикада янги лойиҳаларни илгари суриш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.
Давлат раҳбари Сирдарё вилоятида Қатар компанияси иштирокида буғ-газ технологиялари асосида қуввати 1,6 ГВт бўлган замонавий электр станцияси қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бошланганини мамнуният билан қайд этди.
Сурхондарё вилоятида иссиқлик электр станциясини барпо этиш лойиҳаси доирасида тайёргарлик ишлари якунланмоқда.
Тошкент вилоятида 600 МВт қувватли энергия сақлаш тизимларини яратиш ҳамда Қорақалпоғистонда 1 ГВт қувватли шамол электр станциясини ишга тушириш бўйича қўшма режалар муҳокама қилинди.
Узоқ муддатли шериклик дастурини қабул қилиш, унга, энг аввало “яшил” энергетикага доир истиқболли лойиҳаларни киритиш юзасидан келишувга эришилди.
Шунингдек, Қатарга давлат ташрифининг ишбилармонлик дастури доирасида Шавкат Мирзиёев Қатар инвестициялар агентлиги директори Бандар бин Сауд Ол Сонийни қабул қилди.
Агентлик саноат, инфратузилма, энергетика, кўчмас мулк, электрон технологиялар соҳаларида йирик лойиҳаларни амалга оширишда катта тажрибага эга глобал миқёсдаги етакчи инвестиция холдингларидан бири ҳисобланади. Идора раҳбари бир вақтнинг ўзида Қатар Марказий банки раисидир.
Учрашувда агентликнинг тўғридан-тўғри инвестицияларини Ўзбекистон ҳудудларида “яшил” энергетика объектлари – қуёш ва шамол станцияларини қуриш, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, шу жумладан замонавий авиатерминаллар барпо этиш ва бошқа инвестиция лойиҳаларига жалб қилиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Илғор банк-молия хизматларини, шу жумладан ислом молияси дастурлари доирасида ривожлантиришдан манфаатдорлик билдирилди.
Қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун икки томонлама гуруҳ учрашувини яқин фурсатда ўтказишга келишиб олинди.