Мирзиёев Жиззахда чорвачилик кластери қуришда қатнашаётган компания раиси билан учрашди

Қатар томони тез орада холдинг Ўзбекистонда ўз офисини очишини маълум қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 окт — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 1 октябрь куни Доҳа шаҳрида ўзига ажратилган қароргоҳда “Power International Holding” компанияси бошқаруви раиси Мутаз ал-Ҳаййатни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
“Power International” – дунёнинг 19 та мамлакатида энергетика, нефть-кимё, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт инфратузилмаси, соғлиқни сақлаш, туризм каби соҳаларда фаол иш олиб бораётган Қатарнинг энг йирик миллий холдинги. Яқин Шарқдаги етакчи кўп тармоқли компаниялардан биридир.
Бугун ушбу компания билан ҳамкорликда Жиззах вилоятида келгусида минтақанинг энг катта агросаноат мажмуаси бўладиган замонавий чорвачилик кластери қурилмоқда.
Ўзбекистонда юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган автомобиль магистралини барпо этиш, аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, ишбилармонлик ва меҳмонхона инфратузилмаси, соғлиқни сақлаш объектларини ташкил этиш истиқболли лойиҳалар сифатида қайд этилди.
Қатар томони тез орада холдинг Ўзбекистонда ўз офисини очишини маълум қилди.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев “Al Mirqab Capital” холдинг компанияси ижрочи директори Саиф ур-Раҳмон Хонни қабул қилди.
1983 йилда асос солинган “Al Mirqab Capital” холдинги АҚШ, Европа ва Яқин Шарқда “For Seasons”, “The Ritz Carlton” ва бошқа брендлардаги 20 та йирик меҳмонхона эгасидир. Компания активлари қиймати 8 миллиард доллардан зиёдни ташкил этади.
Учрашувда меҳмонхона инфратузилмаси ва туризм хизматларини ривожлантириш, логистика ва энергетика тармоғини модернизация қилиш борасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Хусусан, компания томонидан Тошкент вилоятида логистика маркази, Бухоро шаҳрида меҳмонхона-конгресс мажмуасини қуриш, Ўзбекистонда электр ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиришга инвестиция киритиш режалари кўриб чиқилди.
Инвестиция лойиҳалари қўшма “йўл харитаси” асосида амалга оширилади.