ТОШКЕНТ, 30 сен — Sputnik. Таълим соҳаси ходимларининг ўртача иш ҳақи 2 баробар кўпайтирилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев томонидан ўқитувчи ва мураббийларга йўлланган табрикда маълум қилинди.
Айтилишича, охирги етти йилда мактабгача таълим бўйича қамров даражасини 27 фоиздан 72 фоизга, олий таълимда эса 9 фоиздан 42 фоизга, олийгоҳларимиз сонини 77 тадан 212 тага етказилди.
Таълим-тарбия соҳасида қабул қилган дастурларимиз асосида кейинги вақтда 261 та янги ўрта таълим муассасасини қуриш, 2,5 мингта мактабни кенгайтириш ҳисобидан қўшимча 700 мингта ўқувчи ўрни яратилганини таъкидлаш лозим.
“Бу йил хориждан таклиф этилган 500 нафар чет тили мутахассиси мактабларимизда иш бошлади. Келгуси йилларда уларнинг сонини 3 баробар оширамиз, 10-11-синфларда бир қатор фанларни ўқувчиларнинг танлови асосида чуқурлаштириб ўқитишни йўлга қўямиз”, — дейилади табрик матнида.
Қайд этилишича, таълим соҳаси ходимларининг ўртача иш ҳақи 2 баробар кўпайтирилади.
Минг нафар тарбиячи ва ўқитувчилар хорижий мамлакатларга малака ошириш ва стажировкага юборилади. Ўқитувчиларни ишга қабул қилиш, уларнинг малакасини ошириш ва тоифа бериш тизими ҳам такомиллаштирилади.