Шавкат Мирзиёев Олаф Шольц билан музокара ўтказди — қандай таклифлар илгари сурилди?

Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 сен — Sputnik. Шавкат Мирзиёев Берлин шаҳридаги биринчи “Марказий Осиё - Германия” саммити доирасида Германия канцлери Олаф Шольц билан музокара ўтказди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Икки томонлама муносабатларнинг долзарб жиҳатлари кўриб чиқилди, Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Давлат раҳбари қуйидаги йўналишлардаги таклифларни илгари сурди:
Қўшма иқтисодий тадбирларни мунтазам ўтказиб бориш;
муқобил энергетикани ривожлантириш;
қишлоқ хўжалиги ва сув ресурслари бошқарувини рақамлаштириш;
хомашёни чуқур қайта ишлаш, молиявий воситаларни кенгайтириш;
икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш;
миграция ва кўчувчанлик соҳасида ҳамкорлик қилиш.
Маданий-гуманитар алмашинувни ривожлантириш, фан ва таълим соҳаларида қўшма дастурларни амалга оширишдан икки томон ҳам манфаатдор экани қайд этилди. Минтақавий хавфсизликни таъминлаш юзасидан, шу жумладан Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши нуқтаи назаридан фикр алмашилди.
Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Олаф Шольцни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф этди.
Маълумот учун, Ўзбекистонда Германиянинг “Volkswagen”, “MAN”, “CLAAS”, “Siemens”, “Linde”, “Aurubis”, “Henkel”, “Knauf”, “Papenburg”, “Deutsche Kabel” ва кўплаб бошқа етакчи компаниялари иш олиб бормоқда. Тоғ-кон, энергетика, кимё, электротехника, тўқимачилик саноати ва инфратузилма бўйича янги лойиҳалар портфели шакллантирилган.
Эслатиб ўтамиз, 29 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев Германия канцлери Олаф Шольцнинг таклифига биноан амалий ташриф билан Берлин шаҳрига келди. Бу ерда Ўзбекистон етакчиси Марказий Осиё ва Германия давлат раҳбарларининг учрашувида иштирок этди ҳамда Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан икки томонлама музокаралар ўтказди.