ТОШКЕНТ, 28 сен – Sputnik. Вашингтон Россияга қарши янги жабҳалар очмоқда, чунки Украина ўз вазифасини бажара олмаяпти, деб ёзади Суриянинг "Ал-Ватан" газетаси.
"Қўшма Штатлар умидсиз реалликка дуч келди. Шу сабабли Америка маъмурияти Россияга қарши янги урушлар очишга киришди - <...> Молдова ва Жанубий Кавказда", - дейилади материалда.
Муаллифнинг сўзларига кўра, Вашингтон Россия бу қадар чидамлилигига тайёр эмас эди. Шу сабабли энди у ва Россия атрофида имкон қадар кўпроқ "қайноқ нуқталар" яратишга қарор қилди. Ғарб назарида бу Россия салоҳиятининг камайишига олиб келиши мумкин.
Кузатувчи, шунингдек, Украинанинг муваффақиятсизлиги Ғарбни янги жабҳалар очишга ундаганини қайд этди. Вашингтон Киевга беҳуда пул тикмоқда, чунки Россия ва Украина армиялари ўртасида катта номутаносиблик мавжуд бўлиб, бу Украина Қуролли Кучларига муваффақиятга эришишга имкон бермайди.
Москва НАТОнинг аслида қарама-қаршиликни мақсад қилганини бир неча бор қайд этган. Президент матбуот котиби Дмитрий Песков таъкидлаганидек, блокнинг янада кенгайиши Европага хавфсизлик олиб келмайди. Россия ташқи ишлар вазирлиги Шимолий Атлантика альянси билан тенг мулоқотга тайёрлигини билдирди, лекин Ғарб қитъани ҳарбийлаштириш ғоясидан воз кечмади. Сўнгги йилларда Россия ғарбий чегараларида НАТОнинг мисли кўрилмаган фаоллигини кузатилди.