ТОШКЕНТ, 28 сен — Sputnik. 28 сентябрь куни соат 03:00да ФВВ Тошкент шаҳар Бошқармаси навбатчилик қисмидан тушган хабарга кўра, Сергели тумани “Қипчоқ” кўчасида жойлашган “Интер Логистика” МЧЖга тегишли омборхонада чақнаш оқибатида ёнғин келиб чиққан.
Шунга кўра, 16 та ёнғин-қутқарув экипажи ва 3 та автонарвон соат 02:48 да ҳодиса рўй берган ҳудудга етиб бориб, ҳозирда ёнғинни ўчириш ишлари амалга оширилмоқда.
Вазият тўлиқ назоратга олинган. Ёнғин соат 05:02 да қуршаб олинган. ФВВ ходимларининг тезкор ҳаракатлари натижасида ёнғин майдони қисқартирилиб борилмоқда.
Воқеа жойида дастлабки дақиқалардан бошлаб ФВВ раҳбарияти ҳамда куч ва воситалари, шунингдек, тегишли ташкилотлар ходимлари иш олиб бормоқда. Ёнғин келиб чиқиш сабабини аниқлаш мақсадида ФВВнинг махсус лабораторияси ҳодиса жойида иш олиб бормоқда.
Ёнғин майдони ҳамда жабрланувчилар сони ҳақидаги маълумотларни аниқлаш чоралари кўрилмоқда.
Тошкентдаги портлаш пойтахт аэропорти фаолиятига таъсир қилмади.
Тошкент” халқаро аэропорти чекловларсиз одатий режимда ишламоқда. Ёнғин самолёт қулаши оқибатида келиб чиқди, дейилаётган хабарлар фейкдир.
Ёнғинни ўчириш ишлари давом этмоқда.
Жароҳатланганлар бор. Қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.