ТОШКЕНТ, 28 сен — Sputnik. Сергелидаги ёнғин оқибатида жабрланганларнинг умумий сони 163 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар берди.
Шундан жами 24 нафари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг Тошкент вилояти филиали, Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам шифохонаси, 1-сонли Республика ва 1-сонли шаҳар клиник шифохоналари ҳамда 1-сонли шаҳар туғуруқхонасига ётқизилди.
Қолган 138 нафар жабрланган аҳоли вакилининг саломатлиги яхши бўлганлиги учун амбулатор тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган.
Ҳодиса оқибатида 2006 йилда туғилган бир нафар ўсмир бола воқеа жойида вафот этган ва шифохонага тириклик аломатлари бўлмаган ҳолда олиб келинган.
Айни пайтда юқоридаги шифохоналарда даволанаётган беморлар орасида ўта оғир тан жароҳати олганлар йўқ. Уларнинг саломатлиги қониқарли.
Беморларга тиббий хизмат кўрсатиш учун хирург, травматолог, нейрохирург, невропатолог, юз-жағ жарроҳи, акушер-гинеколог каби республиканинг энг етакчи мутахассислари жалб қилинган.
Даволаш муассасаларида тезкор ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш учун барча зарур дори-дармон захираси яратилган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 28 сентябр куни соат 02:43 да Тошкент шаҳрининг Сергели туманида “Inter Logistics” компанияси омборида кучли портлаш содир бўлди.