Самарқанд 2025 йил Ислом дунёси маданият пойтахти деб тасдиқланди

Бу мақом бизга яна бир карра дунёга маданий меросимизни намоён этиш имконини тақдим этади, деб ёзади вазир.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 сен — Sputnik. ​​Самарқанд 2025 йил Ислом дунёси маданият пойтахти деб тасдиқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков маълум қилди.
Таъкидланишича, 25 сентябрь куни Қатарда XXII Ислом дунёси маданият вазирларининг “Ислом оламида маданий тадбирларнинг янгиланиши томон” мавзусидаги 12-конференцияси ўз ишини бошлади. Унда Озодбек Назарбеков ҳам иштирок этмоқда.
Конференция кун тартибида дунё маданий сиёсатининг етакчи тамойиллари ва барқарор ривожланиш кўрсаткичлари, ислом оламида инсониятнинг барҳаёт бойликлари ва анъанавий билимларини қадрлаш, маданий бойликларнинг ноқонуний айланишига қарши курашишга оид қатор масалалар муҳокама қилинди.
“Энг муҳими, конференция доирасида 2025 йил Самарқанд Ислом дунёси маданият пойтахти деб тасдиқланди. Бу мақом бизга яна бир карра дунёга маданий меросимизни намоён этиш имконини тақдим этади”, - деб ёзади вазир.