Таржимаи ҳоли
Ўзбек насрининг йирик намояндаларидан бири Пиримқул Қодиров 1928 йилнинг 25 октябрида Тожикистон республикасининг Ўратепа туманидаги Кенгқул қишлоғида таваллуд топди.
Пиримқул Қодиров урушдан кейинги йилларда жамоа хўжалигида, йўл қурилиши, сўнг Бекобод металлургия заводида ишлади.
1951 йили Тошкент Давлат университетини тугатиб, Москвадаги М.Горький номидаги Адабиёт институтининг аспирантурасига кирди. “Абдулла Қаҳҳорнинг урушдан кейинги ижоди” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1954-1963 йиллар у собиқ СССР Ёзувчилар уюшмаси қошида ўзбек адабиёти бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлади. 1963-1976 йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институтининг катта илмий ходими вазифасини бажарди.
Ижодий йўли
Адиб ижодининг дебочаси “Студентлар” ҳикояси 1950 йилда талабалик йилларида эълон қилиниб, толиби илмлар ҳаёти, уларнинг ички оламини ёритади. Шундан кейин унинг “Жон ширин”, “Кайф”, “Олов” ҳикоялари, “Қадрим”, “Эрк”, “Мерос”қиссалари, “Нажот” афсона қиссаси, “Саргузаштлар”, “Яйра институтга кирмоқчи” номли қисса ва ҳикоялар тўпламлари бирин-кетин чоп қилинади.
Кейинчалик адиб яратган “Уч илдиз”, “Олмос камар” романлари унга катта шуҳрат келтиради.
Аввал “Юлдузли тунлар” (Бобур), кейин “Ҳумоюн ва Акбар” романлари билан Пиримқул Қодиров ўзбек тарихий романчилигини устоз Ойбекдан кейин янги поғонага кўтаради.
Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида адибнинг уч жилдлик танланган асарлари (1 том, “Олмос камар” романи, 1977; 2 том, “Қора кўзлар” романи, “Эрк қиссаси, 1978; 3 том, “Уч илдиз” романи, 1979) нашр қилинган. Мазкур нашриёт адибнинг “Юлдузли тунлар” романи, “Қадрим” ва “Мерос” қиссаларини ўз ичига олган уч жилдлик “Сайланма”сини ҳам босиб чиқарган.
Пиримқул Қодиров илмий фаолият билан ҳам шуғулланиб, “Халқ тили ва реалистик проза”, “Тил ва дил” рисолаларини яратган.
У болакайлар севиб мутолаа қиладиган "Акромнинг саргузаштлари", "Нажот", "Яйра институтга кирмоқчи" каби қиссаларнинг ҳам муаллифи хисобланади.
Адиб сценарийси асосида зангори олов заҳматкашлари хақида “Сенинг изларинг”бадиий фильми суратга олинган. Шунингдек, адиб китобхонларга “Она лочин нидоси” деган тарихий романини (1997) тақдим этди.
Тарихшунослик фаолияти
Маърифатпарвар адиб Ўзбекистоннинг бадиий тарихий ўтмишининг қайта яратилишига салмоқли ҳисса қўшган. 1969-1978 йилларда ёзилган "Юлдузли тунлар" романи ўзбек адабиётининг энг сара тарихий асарлари сирасига киради. Ушбу романда Мовароуннаҳрдек улкан давлатнинг парчаланиб кетиши, Темурийлар ўртасидаги низолар моҳирона тасвирланган, ҳамда Бобур шахсияти мукаммал тарзда очиб берилган. Ўн икки ёшида тахтга чиқишга мажбур бўлган ва бутун умр Ватан соғинчида яшаган Бобурнинг: "Жонимдин ўзга ёри вафодор топмадим..." дея чеккан изтироблари акс эттирилган.
“Юлдузли тунлар” кўп маротаба Москвада ва Тошкентда нашрдан чиққан, роман, шунингдек, “Халқлар дўстлиги” журналида ҳам чоп этилган. Роман ҳинд ва урду тилларига таржима қилинган. Шунингдек, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ тилларида чоп этилган. 1981 йил “Юлдузли тунлар” романи учун П. Қодировга Ҳамза номидаги давлат мукофоти топширилади.
Шунингдек, "Шоҳруҳ ва Гавҳаршод" номли романи 2013 йил Шарқ нашриётида босиб чиқарилади. Ушбу романда Буюк Темурнинг фарзанди Шоҳруҳ ва унинг никоҳидаги Гавҳаршодбегим ҳаёти баён қилинади.
Пиримқул Қодиров
© ziyouz.uz
Таржимонлик фаолияти
Пиримқул Қодиров таржимон сифатида Л.Толстойнинг “Казаклар”, К.Фединнинг “Дастлабки қувончлар”, П.Толиснинг “Из”, Х.Деряевнинг “Тақдир” қисса ва романларини ўзбек тилига ўгирган.
Пиримқул Қодиров 1990-2000 йиллар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси фан ва маданият қўмитасининг раиси ўринбосари, раиси лавозимларида фаолият юритиб, Ўзбекистоннинг фан, адабиёт ва санъати тараққиётида жонбозлик кўрсатган.
Таниқли адиб сўнгги йиллар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида наср бўйича раис лавозимида фаолият юритган. Меҳрибон ва талабчан устоз сифатида кўплаб ёш иқтидор соҳибларига устоз бўлган.
Ўзбек адабиёти ва маданияти ривожи олдидаги хизматлари давлат томонидан муносиб равишда баҳоланиб, Пиримқул Қодиров “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” ва “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” шарафли унвонларига сазовор бўлган, “Эл-юрт ҳурмати” ҳамда “Буюк хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган.
2010 йил 21 декабрь умрининг 82-йилида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров оламдан кўз юмди.