ТОШКЕНТ, 24 сен — Sputnik. "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ делегацияси Остона шаҳрига ташриф буюриб, "Қозоғистон темир йўллари" АЖ вакиллари билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда самарали ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди ва бошқа қатор келишувларга эришилди.
Музокаралар "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Х.Раҳметов ва "Қозоғистон темир йўллари" АЖ ишлаб чиқариш жараёнлари бўйича бошқарувчи директори Б.Уринбасаров раҳбарлигида ўтказилди.
Томонлар сўнгги 8 ой ичида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида юк ташиш ҳажмининг ошишига олиб келган ҳамкорликдаги ишларни қайд этдилар.
Томонлар, шунингдек, давлатлараро пунктлар орқали поездлар сонини кунига 2 жуфт поездга кўпайтиришни қўшимча равишда кўриб чиқишга келишиб олди.
Шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлашни ошириш ва янги мева-сабзавот маҳсулотлари етказиб беришнинг янги занжирларини шакллантириш мақсадида томонлар Ўзбекистондан Қозоғистонга қатнайдиган рефрежератор секцияларидан иборат бўлган рефрежератор поездини ташкил этиш, шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотларини Қозоғистондан Ўзбекистонга олиб чиқиш учун рефрежератор секцияларидан фойдаланиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга оширишга келишиб олди.
Бундан ташқари, томонлар Ўзбекистондан Россияга Қозоғистон орқали рефрежератор секцияларини юбориш тўғрисида келишиб олди.
Музокаралар якунида томонлар ўртасидаги келишувларни ўз вақтида ва самарали бажариш мажбуриятини олган протокол имзоланди.