Саудия Арабистони ишбилармонлари Ўзбекистонга келади

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида Савдо саноат палаталари вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузиш режалаштирилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 сен — Sputnik. Саудия Арабистони ишбилармон доира вакилларидан иборат делегация Ўзбекистонга ташриф буюради. Бу ҳақда "Дунё" АА хабар берди.
Ўзбекистон элчихонаси ходимлари Саудия Арабистони Савдо-саноат палаталари федерацияси Минтақавий ва халқаро алоқалар директори Халил ал-Афра билан учрашди.
Унда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Саудия Арабистони бозорига экспорт қилиш, икки давлат савдо-саноат палаталари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини жадаллаштириш ва ташрифлар алмашинувини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
"Ўзбекистон президентининг Саудия Арабистонига амалга оширган ташрифлари ҳамкорлик кўламини янада ривожлантиришда муҳим ўрин тутмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон-Саудия Арабистони қўшма комиссиялари, ишбилармон доира вакиллари ўртасида учрашувлар, бизнес-форум ва давра суҳбатлари ўзаро муносабатларимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Ўз навбатида, мазкур ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун ўзбек томони билан ишлашга тайёрмиз", - деди Халил ал-Афра.
Қайд этилишича, учрашувда Саудия Арабистони Савдо-саноат палаталари федерацияси раиси бошчилигида ишбилармон доира вакилларидан иборат делегацияни Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш юзасидан келишиб олинди.
Мулоқот давомида томонлар икки мамлакат Савдо саноат палаталари вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузиш масалаларига эътибор қаратишди.