Ўзбекистон ва Сингапур қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик қилмоқчи

Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Сингапурнинг “Wilmar International” компанияси раиси билан музокаралар ўтказди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 сен — Sputnik. Ўзбекистон ва Сингапур қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик лойиҳаларини бошлайди. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Сингапурнинг “Wilmar International” компанияси раиси ва бош ижрочи директори Куок Кҳоон Ҳонг билан музокаралар ўтказди.
Учрашувда қишлоқ хўжалиги соҳасида ўсимлик ёғи, ун, гуруч каби муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда чорвачилик саноати учун озуқа маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутган ҳолда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

“Компания вакиллари мамлакатимиз ҳудудларида ўрганиб келган ишлаб чиқариш қувватларини юқори баҳоладилар”, — дейилади хабарда.

Музокаралар якунида ҳамкорликни янада ривожлантириш ва муҳокама қилинган лойиҳа ва ташаббуслар бўйича ишларни тезроқ бошлаш юзасидан икки томонлама чоралар кўришга ўзаро тайёрлик билдирилди.
Маълумот учун, “Wilmar International” компанияси 1991 йилда Сингапурда ташкил этилган бўлиб, Осиёда етакчи агросаноат корпорацияси ҳисобланади. Компания Сингапур биржасида бозор капиталлашуви бўйича энг йирик компаниялар қаторига киради. Компания Хитой, Ҳиндистон, Индонезия ва 50 га яқин мамлакатларда 500 дан ортиқ ишлаб чиқариш заводларига ва 50 дан ортиқ таъминот тизимига эга. Унинг 2022 йилдаги соф фойдаси 2,4 миллиард долларга баҳоланган. Ходимлари сони – 100 минг нафар.