Келаси йил Ўзбекистонда МДҲ адлия вазирлари учрашади — тафсилотлар

МДҲ иштирокчи давлатлари адлия вазирлари Кенгашининг 18 мажлиси 2024 йилда Ўзбекистонда ўтказилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 сен — Sputnik. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) иштирокчи давлатлари адлия вазирлари Кенгашининг 18-мажлиси 2024 йилда Ўзбекистонда ўтказилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати Sputnik мухбирига маълум қилди.
Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида МДҲ иштирокчи давлатлари адлия вазирлари Кенгашининг ўн еттинчи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон адлия вазири Акбар Ташкулов иштирок этди.
Мажлис давомида Кенгаш аъзолари 2024 йилда МДҲга аъзо давлатлар адлия вазирлари кенгашига раислик қилиш Ўзбекистонга ўтиши, 2024 йил учун Кенгашнинг Чора тадбирлар режасининг қабул қилиниши, 2027 йилни МДҲда Ҳуқуқий маърифат йил деб эълон қилиш ва бошқа масалаларни муҳокама қилишди.
Адлия вазири Ташкулов ўз сўзида Ўзбекистонда юридик хизмат, аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни оптималлаштириш борасида эришилган ютуқлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Қайд этилишича, айни пайтда республиканинг барча вилоятларида (шаҳарларида) жами 208 та замонавий давлат хизматлари марказлари ташкил этилган. Шунингдек, республиканинг чекка ҳудудларида туман (шаҳар) марказларидан 50-100 км узоқликда давлат хизматлари марказларининг 138 та филиали фаолият кўрсатмоқда.
Душанбе шаҳрида МДҲ иштирокчи давлатлари адлия вазирлари Кенгашининг ўн еттинчи мажлиси бўлиб ўтди.
"2023 йил охирига қадар кўрсатилаётган давлат хизматлари турларини 350, 2024 йил охирига қадар эса 450 турга етказишни режалаштирганмиз",— деди Ташкулов.
Унинг сўзларига кўра, хизмат кўрсатиш тезлигини ошириш ва навбатлар сонини камайтириш мақсадида Тошкент шаҳар марказлари ва вилоятларида “осон”, “ўрта” ва “қийин” тоифаларга бўлинган ҳолда хизматлар кўрсатиш тартиби жорий этилди. Бунинг натижасида аҳоли йилига ўртача 20 миллион қоғозбозликдан халос бўлди ва аҳоли томонидан 300 миллиард сўмдан ортиқ маблағ тежаб қолди.
Бундан ташқари адлия вазири А.Ташкулов ҳуқуқий базани тизимлаштириш ва рақамлаштириш, ҳуқуқий (шу жумладан, коррупсияга қарши ва гендер-ҳуқуқий) экспертизанинг замонавий усуллари, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш кабиларга эътибор қаратди.
"МДҲ иштирокчи давлатлари адлия вазирлари Кенгашининг 18-мажлисини 2024 йилда Ўзбекистонда ўтказишга келишиб олинди", — дейилади хабарда.
Маълумот учун, Адлия вазирлари Кенгаши МДҲ иштирокчи давлатларнинг давлат раҳбарлари Кенгаши ва давлат ҳукуматлари раҳбарлари Кенгашининг органи ҳисобланиб, ўз ваколати доирасидаги масалалар, жумладан, адлия вазирликлари билан ҳамкорлик қилиш, МДҲ иштирокчи давлатлари қонунчилигини уйғунлаштириш, иштирокчи-давлатларнинг ҳуқуқий сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш каби ва бошқа масалалар билан шуғулланади.
МДҲ Кенгаш аъзолари қаторига Ўзбекистон 2019 йилда аъзо бўлган. МДҲ Кенгашига Арманистон, Беларусь, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон адлия вазирлари кирадилар.