Абдулҳамид Чўлпон — биография

Чўлпон – янги ўзбек шеъриятининг асосчиларидан бири, шоир, таржимон, драматург ва маърифатчи.
Sputnik

Болалик даври

Ўзбек халқининг XX асрда етишиб чиққан улуғ сиймоларидан бири Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон 1897 йилда Андижоннинг Қатортерак маҳалласида савдогар оиласида дунёга келган.
Отаси Сулаймонқул Мулла Муҳаммад Юнус ўғли (1874-1929) дастлаб деҳқончилик, сўнгра баззозлик билан билан шуғулланган. Таниқли журналист ва ёзувчи Мўминжон Муҳаммаджонов “Турмуш уринишлари” китобида қайд этишича, Чўлпоннинг отаси Сулаймонқул ўз даврининг етук зиёлиси, маърифатпарвар кишиси бўлган. У “Расво” тахаллуси билан шеърлар ҳам ёзган, девон яратган.
Чўлпон аввал эски мактабда, сўнгра мадрасалар ва рус-тузем мактабида таҳсил олиб, араб, форс ва рус тилларини мукаммал ўзлаштиради. Мутолаа йули билан эса турк, немис ва инглиз тилларини ўрганади. Шарқ ва Ғарб ижтимоий қарашларидан озиқланади. Фирдавсий, Саъдий, Ҳофиз, Умар Ҳайём, Алишер Навоий каби сўз санъаткорлари ижодини қунт билан ўрганади.
Чўлпон дунёқараши ва ижодининг шаклланишига аср бошларидаги демократик инқилоблар ҳамда жадидчилик ҳаракати катта таъсир кўрсатган.

Чўлпон - публицист

Чўлпоннинг ижоди 1913-1914 йиллардан бошланган бўлиб, у аввал “Қаландар”, “Мирзақаландар”, “Андижонлик” ва ниҳоят “Чўлпон” (Тонг юлдузи) тахаллуси билан ижод қилди. У ҳам шоир, ҳам носир, ҳам драматург сифатида ўз халқи адабиёти равнақига салмоқли ҳисса қўшади. Чўлпоннинг дастлабки асарлари “Садои Туркистон”, “Садои Фарғона” каби маҳаллий газеталарда, шунингдек, Оренбургда чиқадиган “Шўро” журналида нашр этилади. Чўлпоннинг “Иштирокиюн”, “Қизил байроқ”, “Туркистон”, “Бухоро ахбори” каби газеталардаги фаолияти ҳам унинг ижодий шаклланишида мактаб бўлиб хизмат этади.
Абдулҳамид Чўлпон
Чўлпон очеркнавис ва публицист сифатида ҳам баракали ижод қилди. Бу борада айниқса, унинг “Адабиёт надир” , “Муҳтарам ёзувчиларимизга” каби мақолалари адабиётнинг мақсад ва вазифаларини англашда муҳим роль уйнайди. У 1914-1917 йилларда яратган “Қурбони жаҳолат”, “Дўхтир Муҳаммаддиёр” сингари ҳикоялари, “Ватанимиз Туркистонда темир йўллар” сингари мақолаларида маданият ва маърифат тарғиботчиси сифатида майдонга чиқди. У Октябрь тўнтаришидан кейинги 1920-1924 йилларда ҳаётда содир бўлаётган хуш ва нохуш ўзгаришларни қаламга олди. “Йўлда бир кундуз”, “Йўлда бир кеча”, “Шарқ поезди келди”, “Шарқ уйғонган”, “Қутурган мустамлакачилар”, “Йўл эсдалиги” сингари ўнлаб очерклари ва публицистик мақолаларида чоризм мустамлакачилари ва маҳаллий ҳоким синф етказган жабру жафолар етмаганидек, фуқаролар уруши даврида руй берган фожеаларни қоралади.

Чўлпон - шоир

Чўлпон 1922-1926 йилларда ўзининг “Уйғониш”, (1922), “Булоқлар” (1923), “Тонг сирлари”(1926), “Соз” (1935) каби тўртта шеърий тўпламини нашр эттирди. 30-йилларга келиб, “Жўр” тўпламини тайёрлади. Аммо ”Соз” и чоп этилади, “Жўр” тўплами қатағонлик тузоғига илиниб қолиб кетади. Шоирнинг тўпламлари орасида “Булоқлар” (1923) алоҳида ажралиб туради. Тўплам беш бўлимдан иборат бўлиб, улар “Шарқ учун”, “Сезгилар”, “Севги”, “Қора йуллар” ва “Қор қуйнида” деб номланади. Шоирнинг ўзи қайд этишича, мазкур шеърий гулдаста “жаҳон” фотиҳлари чангалида эзилиб ётқон Шарқ ўлкаларга бағишланган. Жумладан, “Амалнинг ўлими” шеърида шундай мисраларни ўқиймиз:
Кўнглимда йиғлаган малаклар кимлар,
Шарқнинг оналари, жувонларими
Қаршимда инграган бу жонлар кимлар,
Қуллар ўлкасининг инсонларими
Чўлпон 1925 йилларга келиб, “Муҳит кучли экан, эгдим бўйнимни” дея ижтимоий қарашларини ўзгартиришга мажбур бўлганлигини эътироф этади. Аммо шунга қарамай, шоир яратган икки юздан ортиқ шеърий асарлар юрт бахти, келажаги, мустақиллиги, озодлиги учун курашнинг ёрқин солномаси деса бўлади:
...Бирлигимизнинг тебранмас тоғи,
Умидимизнинг сўнмас чироғи.
Бирлаш, эй халқим, келгандир чоғи,
Безансин энди Туркистон боғи.
Қўзғал, халқим, етар шунча жабру жафолар!

Қоронғу кечада кўкка кўз тикиб...
Чўлпоннинг ушбу “Гўзал” номли шеърини XX асрда яратилган энг нафис ижод намунаси десак муболаға қилмаган бўламиз. У халқ орасида кенг тарқалиб, қўшиққа айланиб кетган: Қоронғу кечада кўкка кўз тикиб,
Энг ёруғ юлдуздан сени сўраймен,
Ул юлдуз уялиб, бошини букиб,
Айтадир мен уни тушда кўрамен.
Тушимда кўрамен шунчалар гўзал,
Биздан-да гўзалдир, ойдан-да гўзал!

Насрий асарлари

Чўлпон етук лирик шоиргина эмас, балки “Новвой қиз”, “Ойдин кечаларда”, “Қор қўйнида лола” каби ўнлаб ҳикоялар, “Кеча ва кундуз” (1936) каби ажойиб роман ҳам яратган истеъдодли адибдир.
Абдулҳамид Чўлпон

Драматургияга қўшган хиссаси

Чўлпон драматург сифатида ҳам салмоқли ижод қилган. Унинг “Халил фаранг”, “Чўрининг исёни” каби кичик пьесалари, “Ўртоқ Қаршибоев”, “Муштумзўр” каби драмалари ҳамда кўп вақт саҳнадан тушмаган“Ёрқиной” пьесалари машҳур бўлган. Шунингдек, рус ёзувчиси В.Ян билан ҳамкорликда “Ҳужум” драмасини яратган.

Нодир асарлар таржимаси

Чўлпон моҳир таржимон сифатида В. Шекспирнинг “Ҳамлет” фожеасини, А.С. Пушкинниг “Дубровский” қиссасини ва “Борис Годунов” каби пьесаларини, М. Горькийнинг “Она” романини ва бошқа кўплаб асарларни ўзбек тилига маҳорат билан ўгирган.
Чўлпон ҳам Фитрат ва Абдулла Қодирийлар каби қатағонлик даврининг қурбони бўлган. У 1937 йилнинг 14 июлида қамоққа олиниб, 1938 йилнинг 4 октябрида отиб ташланган.
1991 йил 25 сентябрида Чўлпонга Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти берилган, 1999 йил "Мустақиллик" ордени билан тақдирланган.
1997 йили адиб таваллудининг 100 йиллиги кунларида кўплаб асарлари нашр этилди, у ҳақида илмий тадқиқотлар яратилди.