"Ўзсувтаъминот" йил охиригача 1,1 млн. кишининг сув таъминотини яхшилайди — Президент

Сўнгги 6 йилда маҳалларларда яшаётган 6,5 миллион аҳоли хонадонларга илк бор тоза ичимлик суви кириб борди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 сен — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида бўлиб ўтган мажлисда аҳолини ичимлик суви билан таъмилашни яхшилаш масалалари кўриб чиқилди.
“Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамиятига жорий йил якунигача 12 минг километр тармоқ ҳамда 1300 та сув иншоотини қуриш ва таъмирлаш вазифаси қўйилди. Бунинг ҳисобига 145 та маҳалладаги 1 миллион 100 минг аҳоли илк бор марказлашган ичимлик сувидан баҳраманд бўлади, 2 мингта маҳалладаги таъминот яхшиланади.
Хабарда айтилишига кўра, Ўзбекистонда аҳоли саломатлигини яхшилаш ва ҳаёт сифатини оширишга қаратилган кўплаб ижтимоий, ҳудудий дастурлар бажарилмоқда.
Хусусан, сўнгги 6 йилда ичимлик суви соҳасига давлат бюджетидан 14,5 трлн. сўм маблағ ажратилган. Бу олдинги даврга нисбатан 6 баравар кўп. Республика бўйлаб 31 минг километр ичимлик суви ва оқова тармоқлари ўтказилган, 1200 та сув иншоотида қурилиш-таъмирлаш бўлган. Бу ишлар натижасида 6,5 миллион аҳоли хонадонларга илк бор тоза ичимлик суви кириб борди.

Лекин, ҳали 30 та туман ва 1 минг 400 та маҳаллада ичимлик суви таъминотини яхшилаш талаб этилади. Улар учун тоза сув манбасини топиш зарур, - деди президент.

Шунингдек, кўп ҳолларда сув беҳуда йўқотилаяпти, истеъмолнинг аниқ ҳисоби йўқ. Айрим насослар, соҳа корхоналарига тегишли махсус техникалар эскирган.
Йиғилишда, вилоят ҳокимлари ва халқ депутатларига келгуси йил учун дастур ишлаб чиқиб, ҳукумат қарорига киритиш ва бунда сув таъминоти даражаси паст 30 та туманга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, сув етказувчи насосларни энергия тежамкорига алмаштириш, соҳа корхоналарини молиявий барқарорлаштириш чоралари ҳам белгиланди.