ТОШКЕНТ, 22 сен — Sputnik. Ўзбекистонда аҳолига электр энергияси ва газни паст тарифларда истеъмол қилиш учун давлат бюджетидан ўртача 14 триллион сўмдан ортиқ ёки 1 миллиард 150 миллион доллар субсидия ажратилмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, нарх шаклланишининг бозор механизмлари йўқлиги сабабли давлат энергетика соҳасини субсидиялашга мажбур бўляпти, лекин соҳани доимий субсидиялаган ҳолда ривожлантириб бўлмайди,
Вазирлик маълумотларига кўра, 1 киловатт-соат электр энергиясининг таннархи 970 сўм. Бир ойда ўртача 200 киловатт-соат электр энергияси истеъмол қилинганда ҳам, давлат амалда ҳар битта истеъмолчи учун 135 минг сўмдан субсидия ажратмоқда. Мамлакатдаги истеъмолчилар сони эса 7,4 миллион хонадонни ташкил этади.
1 куб метр газ таннархи 1 890 сўм. Иситиш мавсумида 750 куб метр газ ёқадиган битта оила ўртача 1 миллион 132 минг сўм субсидия олмоқда. Айни пайтда мамлакатдаги газ истеъмолчиларининг жами сони 4,1 миллион хонадонни ташкил қилади.
Бу дегани бугун аҳолига электр энергияси ва табиий газ истеъмоли учун ўртача 14 триллион сўмдан ортиқ (1,15 млрд доллар) субсидиялар ажратилмоқда.
"Соҳанинг зарар билан ишлаётгани ҳисобига уни давлат бюджетидан субсидиялаш камомадга олиб келмоқда. Бу эса ижтимоий соҳага кўпроқ маблағ йўналтиришга имкон бермаяпти. Бунинг натижасида эса аслида тизимни янгилашга йўналтириш мумкин бўлган маблағлар фақатгина пайдо бўлган ушбу тафовутни қоплашга сарфланмоқда", — дейилади вазирлик хабарида.
Таъкидланишича, нархларни тўлиқ субсидиялаш ўрнига соҳага бозор тамойилларини жорий этиш, истеъмол қилинган энергия учун бозор талабларидан келиб чиқиб ҳақ тўланиши муҳим.
2022 йилнинг май ойида электр энергияси таннархи 1 кВт/соат учун 800 сўм, газ 1 кубометр учун 1400 сўмни ташкил этган эди.