ТОШКЕНТ, 22 сен — Sputnik. Кампиробод сув омборидан Фарғона шаҳрига тоза ичимлик суви тортиб келинади. Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигида делегация Хитойга ташрифи давомида тегишли келишувга эришди.
Вилоят ҳокимлиги хабарига кўра, Кампиробод сув омборидан Фарғона шаҳрига тоза ичимлик суви тортиш лойиҳалари борасида Хитойнинг “Sinomash” холдинги билан дастлабки келишувларга эришилган.
Бундан ташқари, вилоятдаги ижтимоий муассасаларни қуриш ёки капитал реконструкция қилиш борасида ҳам келишувга эришилган.
Кампиробод сув омбори Ўзбекистоннинг Андижон вилояти ва Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод вилоятлари чегарасида жойлашган. Ўтган йили Ўзбекистон ва Қирғизистон Андижон (Кампиробод) сув омборига оид битим имзолаган эди. Иккки давлат сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқаришга келишиб олган. Ўзбекистон сув омборининг хавфсизлигини таъминлайди, эксплуатация қилади, техник хизмат кўрсатади, Қирғизистон томони билан келишилган лимитлар доирасида сув чиқаради.