“Uzbekistan Airways” аксарият рейсларини яна Внуково аэропортига ўтказади

Авиакомпания йўловчиларга Москванинг Домодедово ва Внуково аэропортлари орасида танлаш имконини тақдим этишини маълум қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 сен — Sputnik. “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси 1 октябрдан Москвага учадиган аксарият рейслари Внуково аэропортига амалга оширилишини маълум қилди. Бу қарор йўловчиларга янада қулай шароитларни яратиб бериш мақсадида қабул қилинган.
Қайд этилишича, 1 октябрдан HY601/602 ва HY603/604 авиақатновлари Тошкентдан Домодедово халқаро аэропортига (DME) амалга оширилиши давом этади.
Тошкентдан Москвага ва ортга қайтувчи HY613/614 авиақатновлари, Фарғона, Наманган, Самарқанд, Бухоро, Навоий, Қарши, Термиз, Урганч ва Нукусдан Москвага ва ортга қайтувчи рейслар Внуково халқаро аэропортига (VKO) амалга оширилади.
Авиакомпания 22 сентябрдан Москва Внуковога/дан авиачипталарни харид қилиш мумкинлигини қўшимча қилган.
Эслатиб ўтамиз, “Uzbekistan Airways” 2021 йил 14 июнь куни Внуково аэропортидан сўнгги парвозини амалга оширган эди ва барча рейсларини Домодедовога ўтказган эди.