ТОШКЕНТ, 21 сен — Sputnik. Украина парчалангани ва у ерда фуқаролар уруши бошлангани учун жавобгарлик Ғарб мамлакатлари зиммасида. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Хавфсизлик Кенгашининг Украинага оид йиғилишида маълум қилди.
Лавровнинг сўзларига кўра, ҳозир кўпчилик инсоннинг асосий ҳуқуқларига риоя қилиш кафолатлари билан Донбассни собиқ совет республикасининг бошқа қисми билан бирлашишини назарда тутувчи Минск келишувлари маъносини унутиб қўйгандек қилиб кўрсатмоқда.
“Уларнинг бажарилишини барбод қилган Ғарб Украина парчаланиши ва у ерда фуқаролар уруши бошланиши учун бевосита жавобгардир”, - дея таъкидлади Россия ТИВ раҳбари.
Вазир Россия рақиблари бостириб кириш, тажовуз ва босиб олиш ҳақидаги сўзларни тобора кўпроқ айтаётгани, бироқ ҳозирги инқирознинг асосий сабаблари ҳақидаги мунозаралардан қочаётганини қайд этди.
“У ерда улар узоқ йиллар давомида ошкора Иккинчи жаҳон уруши якунлари ва ўз халқи тарихини қайта ёзаётган нацист режимини очиқчасига тарбиялаб ўстиришгани борасида лом-мим дейишмайди. Фактлар ва Низомнинг (БМТ – таҳр.) барча талабларини ҳурмат қилган ҳолда асосланган бафуржа суҳбатдан Ғарб қочмоқда”, - деди Лавров.
Дипломат музокаралар масаласига тўхталиб, Москва ундан бош тортмаётгани ва бу ҳақда президент Владимир Путин бир неча марта таъкидлаганини эслатди. Мулоқот бошлашга Украина президенти Владимир Зеленскийнинг фармони тўсқинлик қиляпти.
“Агар АҚШ шунчалик манфаатдор бўлса, ўйлайманки, бу фармонни бекор қилиш учун буйруқ бериш унчалик мушкул бўлмайди”, - деди Лавров АҚШ давлат котиби Энтони Блинкенга юзланиб.
Эслатиб ўтамиз, 19-26 сентябрь кунлари Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг юқори даражадаги ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Россия делегациясига Сергей Лавров бошчилик қилмоқда.