ТОШКЕНТ, 21 сен — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун Қўқонда очилган Халқаро ҳунармандчилик фестивали иштирокчиларини табриклади.
"Сиз, азизларни Халқаро ҳунармандчилик фестивалининг тантанали очилиши билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этишдан ғоят мамнунман.<...>
Бугун очилаётган ушбу фестиваль санъат ва дўстлик, истеъдод ва маҳорат байрами сифатида барча иштирокчилар ва халқимиз қалбида ёрқин из қолдиради, деб ишонаман.
Сиз, ҳурматли фестиваль қатнашчиларига сиҳат-саломатлик, олижаноб фаолиятингизда ютуқ ва омадлар, анжуман доирасидаги илмий-амалий конференция ишига эса муваффақиятлар тилайман", - дейилади табрик сўзида.
Шунингдек, табрик сўзида Ўзбекистон президенти Республикада азалдан тараққий этган ҳунармандчилик турлари билан фахрланишини ҳам айтиб ўтди.
"Биз бу ўлкада кулолчилик, ипак ва абрли матолар ишлаб чиқариш, ёғоч ўймакорлиги, ганчкорлик ва наққошлик санъати, пичоқчилик, дўппидўзлик каби ҳунар турлари кенг ривожланиб, миллий бренд даражасига кўтарилгани билан фахрланамиз" - деди давлат раҳбари.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев сўнгги 7 йилда Ўзбекистонда ҳунармандчилик соҳали илдам ривожланиб келаётганини ва бунга қабул қилинган янги қонунлар ҳам ҳисса қўшаётганини айтиб ўтди.
Кейинги йилларда юртимизда халқ бадиий ва амалий санъатини янада ривожлантириш, <...> усталарнинг машаққатли меҳнатини муносиб қадрлаш ва қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берилмоқда.
<...> Сўнгги етти йилда “Ҳунарманд” уюшмаси аъзолари 7 баробардан зиёд кўпайиб, 10 минг нафардан салкам 80 минг нафарга етгани, соҳада банд бўлганлар эса 280 минг нафарни ташкил этаётгани яққол кўрсатиб турибди", - деди Мирзиёев.
Маълумот учун, бугун Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида II Халқаро халқ амалий санъати фестивали иш бошлади. Анжуманда жаҳоннинг 70 та давлатидан 260 нафардан зиёд моҳир ҳунарманд ва усталар, таниқли илм, маданият ва санъат намояндалари, нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда. Фестиваль 23 сентябрга қадар давом этади.