ТОШКЕНТ, 21 сен – Sputnik. Ражаб Тоййиб Эрдўғон Нью-Йоркда журналистлар билан мулоқот чоғида Ғарб давлатларининг "дон битими" масаласида Россияга нисбатан муносабатини нотўғри деб атади. Туркия президенти фикрига кўра, Россия оддий давлат эмас ва уни эътибордан четда қолдириб бўлмайди. РИА Новости хабарига асосан.
“...Бу муносабатни тўғри деб ўйламайман, чунки Россия оддий давлат эмас. У ҳудуди бўйича ҳам мавқеи бўйича ҳам дунёда ўз ўрнига эга. Ғалла етиштириш бўйича, амалда, Россия дунё етакчиларидан биридир. Бундай мамлакатни эътибордан четда қолдириб бўлмайди", - деди Эрдўған.
Шунингдек, Туркия етакчиси Анқара Москва томонидан таклиф этилган газ хаби лойиҳасини устувор деб ҳисоблашини ва Россия билан алоқаларини давом эттиришиги ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди.
"Россия билан муносабатларимизни ижобий тарзда давом эттирамиз. Чунки биз Фракиянинг газ марказига айланиши масаласидан жуда хавотирдамиз. Ҳозирда биз етказиб берилаётган табиий газнинг деярли ярмини Россиядан олмоқдамиз. Уни ошириш имконияти мавжуд. Бу газ хаби бизга шундай имконият беради”, - деди Эрдўған журналистларга.
Туркия газ хаби ҳақидаги хабарлар илк бор ўтган йилнинг октябрь ойида пайдо бўлган эди. "Шимолий оқим" ва "Шимолий оқим 2" газ қувурлари портлатилганидан сўнг Владимир Путин Россия шимолда йўқолган транзит имкониятини Қора денгиз минтақасига кўчирилиши мумкинлигини айтган эди.
Эрдўған билан сентябрь ойи бошида Сочида бўлиб ўтган учрашувда Россия президенти Туркияда газ хаби яратиш бўйича музокаралар тез орада якунланишини кутаётганини таъкидлади.
Бугунги кунда Россия гази Туркияга ва Жануби-Шарқий Европа мамлакатларига “Мовий оқим” ва “Турк оқими” газ қувурлари орқали етказилади. Биринчисининг лойиҳа қуввати 16 миллиард куб метр, иккинчиси 31,5 миллиард куб метрни ташкил этади.